Ўзбекистон | 18:10 / 20.01.2018
102382
9 дақиқада ўқилади

«Оловда кўринар кулган суратинг». Ақтўбе қурбонларига марсиялар

18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе областида Россияга кетаётган ўзбекистонликлар минган автобус ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.

Мазкур фожиадан кейин ижтимоий тармоқлар мотамга бурканди, барча марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирмоқда. Марҳумлар хотирасига марсиялар, бағишловлар ёзилмоқда.

Валижон Тўрақулов. «Эллик Икки»

- «52»! 
Нақадар,
омадсиз сонсан,
Туришинг эслатар қоп-қора кулни.
Айблама, не қилай қийшиқ қоматинг, 
Эслатиб юборса қужраган гулни, 
(Зор-зор йиғлаётган 52 тулни.)
- «52»!
Қўрқаман,
сендан ёмонам,
Энди дарслардан ҳам ололмам «5»лар.
Қон каби қизарган ручка учлари,
Ярадор юракка бигизин нишлар.
(Гуллар билан қолган етим ғунчалар...
Боғбони йўқ гулга қийин бунчалар?!)
- Оҳ болам, сен учун нонлар ёполмам, 
Оловда кўринар кулган суратинг. 
Кетмасанг бўларди олис юртларга, 
Ерда қолмас эди қора меҳнатинг.
(Ўлгач қадринг ошди, топдинг иззатинг. 
Учоқларда қайтдинг, «ошиб ҳурматинг»!)
Сочимда оқ қиров, ичимда олов,
Ҳатто маза йўқдир тузсиз ошимда.
Сен эмас, мен борсам бўлмасми эди?
Ташлаб кетдинг болам эллик ёшимда,
(Етим омонатинг қолди бошимда.
Ўғилчанг ўйнайди қабр тошингда!)
Олам тўлиб кетди оҳу-ноламдан,
Роббим рози бўлгин «мардкор» боламдан!

Отабек Тиллаев. Йиғи

Роҳат излаб йўлга чиқилмас, зотан,
Дарахтдай бир жойда кўкарар киши. 
Дунё жаллод каби кўринар экан
Жонни ғажиб турса рўзғор ташвиши.

Қозоқдаштда изғир изғирин фасли,
Излар исинмоққа ажал ҳам ўтин.
Эллик икки жоннинг фарёди асли
Автобусдан чиққан қоп қора тутун...

Бутун бир умрни шарҳлайди бир зум
Даҳшат ичра қотиб қолганда кўзлар.
Оловларга томди кўзёшлар юм-юм,
Фалакка санчилди жизғонак сўзлар.

Ортда қолган юртда чирқирар бешик,
Йиғлайди келинчак – бир ёстиғи бўш...
Ингранар йўл қараб мунғайган эшик,
Ота ёқавайрон, 
Она фаромуш...

Не кўргулик қилдинг, эй қаттол дайр,
Ҳаёт – ўлим сари отилган пайкон.
Ўтда ёниб кетган орзулар, хайр,
Хайр, Ўзбекистон,
Хайр, Намангон!..

Нодир Жонузоқ. «Эллик учинчи»

Соҳилга отилган асов тўлқиндек

Кўнгилга урилар ҳар он бир хабар.

Бу олам бир лаҳза туролмас тинч-тек,

Ҳар бир сониянинг мағзида хатар.

Ё Раббий!

Борлиғим бўлди жизғанак,

Бошдан оёғимга югурди олов –

Гўёки дўзахга ирғитди Фалак...

Бир автобус одам ёнибди лов-лов!!

«Оҳ!» дедим –

Жонимдан сачради минг чўғ,

Кўзимни қоплади қоп-қора тутун.

Эллик иккитамас куйганлар, йўқ, йўқ,

Менинг ҳам тийнатим кул бўлди бутун!

Одамхўр аланга ёнди-ю сўнди,

Мен-чи, ҳали узо-оқ ёниб-тутайман.

Бу ўтли азобнинг кўринмас сўнги,

Ловуллаган дилни кимга тутай ман?!

Кўксимга қамалиб, ўрлайди ёнғин,

Имон гулханида гур ёнаман, рост:

«Оташли йўлларда куйиб оёғинг,

Айт, кимни оловдан айладинг халос?!

Балки сен дардидан юз бурган ўсмир

Мусофир тўрвасин бўйнига илмиш.

Маслагингдан бўлиб ҳафсаласи пир,

Етти ёт «пир»ларни халоскор билмиш.

Гунг, соқов қалбингдан қайтмай акс-садо,

Мавҳум манзилларга бурмиш йўлини.

Саргузашт, ё эрмак, ё кайфу сафо

Излаб кезмагандир қозоқ чўлини!?

Айбингни тан олгин, эй сўқир банда,

Балки бор журмингдан кечгай мушфиқ Зот – 

Жаҳаннам ўтини билмассан анда,

Лекин то тириксан, куйгайсан бот-бот!»

Не дейин?!

На узр, на тавба қалқон,

Кўзимдан сачрайди телба ёлқинлар.

Томиримда қайнаб пишқиради қон,

Гуноҳим бўйнимда – майли, ёқинглар!

Даҳшатли туш ва ё қорамсир хаёл

Мисоли тўзғисин ўтпараст қайғу.

Оташда чўмилай самандар мисол,

Куйган кўнгилларга таскин бўлса бу.

Қоронғу қалбларга инса бир зиё,

Қай ўксик диллардан чекинса алам...

Ланғиллаб турибди тандирдай дунё,

Қоврилиб ётибди қозондай олам.

Чақмоқлар забтидан чатнаяпти Кўк,

Вулқон лава тутар, қани, ичинг-чи...

Эллик иккитамас ёнганлар, йўқ, йўқ,

Оловсиз ёнганлар – эллик учинчи!

Халойиқ!

Замин – зўр автобус, улкан...

Асрайлик – ҳақ йўлдан тониб кетмасин.

Токи тенгсиз олов, даҳшатли гулхан –

Қуёш теграсида ёниб кетмасин!!


Номаълум муаллиф. Жон болам

52 боланг ёнди дафъатан,
Э, воҳ, кулга қандай ўрайсан кафан.
Она бўл, бошинга оқ рўмолинг ёп,
Ота бўл, белингни боғла, жон Ватан!

Самолар зириллаб кетди фарёддан,
Дарвоза очилди тўғри Жаннатдан,
Оға бўл, Елканга тобутларни орт,
Сингил бўл, дод солиб йиғла жон Ватан!

Ўзбегим, сен қачон қочдинг меҳнатдан,
Қайга кетмоқ бўлдинг оғир қисматдан!
Шаҳидлар шахрига аҳолиларинг,
Сўнги карвонларга миндир жон Ватан!

Ногоҳ алангага бурканганда тан,
Калима келтириб улгурдимикан.
Ўзбекман деганнинг жон юрагидан,
52 қабр кавла жон Ватан!

Бири ўғлонмиди куёв бўлмаган,
Бири йигитмиди фарзанд кўрмаган.
Ёки етим қолган гўдакларининг,
Кўзларига қандай қарайсан, Ватан!

Мусофирлик фақат ўзбекдамикан,
Бизнинг камимиз бор қайси миллатдан.
Берма болаларинг алангаларга,
Бевақт ажалларга берма, жон Ватан!


Абдувоҳид Сувонов. Хайрлашмай кетдимда Она...

Мусофирлик чорлади мени,
Ўзга юртга бўлдим равона.
Болажоним кутмагин мени,
Видолашмай кетдимда Она ...

Йўл қарама, келмайди боланг,
Шамолдайин елмайди боланг.
Кеча, кундуз куйганинг билан,
Фойда бермас, минг арзу ноланг.

Рисқим териб келмоқни кўзлаб,
Боламга тўй бермоқни кўзлаб.
Қизим бўйи етиб қолди деб,
Ўғлимга ўй қурмоқни кўзлаб.

Сенга борса бу аччиқ хабар,
Хайр - хуш қол,
Эй мунгли дилбар.
Алвидо деб сукут тортма жим,
Йўлда тугар сўнгги нафасим...

«Ундай дема ўлмагандирсан,
Очилмайин сўлмагандирсан.
Оллов ёниб кулга айланди,
Балки шу чоҳ, бўлмагандирсан»...

Кечир Отам,
Кечир Онажон.
Сўнгги йўлда бўлдим равона,
Бир сўзгина юракда исён,
Хайрлашмай кетдимда Она ...

Кунин кўрар, тирик бўлса жон,
Мендан рози бўлинг Онажон!

Хайрулла Ҳамидов. «Ўтинч»

Хайрулла Ҳамидов. «Ўтинч»

Эллик икки тараф таралди оҳим,

Эллик икки вужуд - юракда доғим...

Бу фоний дунёда ўтда ёндилар,

Боқий оловидан асра, Аллоҳим!

Элим чорасиздир, гирёна боқмиш,

Ҳар тараф чўғ босган, дилларни ёқмиш.

Кўзларки қип-қизил гулшанда оқмиш...

Боқий оловидан асра, Аллоҳим!

Сендан ўтинамиз, бенуқсон Ўзинг,

Ҳар нени бор этгай Бўл деган Сўзинг:

Не азоб чекмишлар, биласан Ўзинг,

Боқий оловидан асра, Аллоҳим!

Фарёдлар самони тешиб ёрдилар,

Бу қандай юк бўлди, қалбга ортилар?!

...Сенинг ҳузурингга ёниб бордилар,

Энди дўзахингдан асра, Аллоҳим!

Номаълум муаллиф. Эллик икки паҳлавон

Эллик беш нафар инсон
Йўлга чиқди излаб нон.
Муҳтожлик мажбур этди,
Бўлса ҳамки қаҳратон.

Эллик беш забардаст жон,
Ўйламанг: улар - нодон.
Ночорликдан кўнишган -
Автобус эди арзон.

Эллик беш ўзбек ўғлон
(Кўзланган манзил - Қозон)
Билишмасди: Оқтўбе
Бўлишин сўнгги макон.

Ёнғин чиққани ҳамон,
Бошланди кўп тўполон.
Тақдир илоҳий экан -
Уч киши қолди омон.

Эллик икки навқирон
Ёниб кетди беомон.
Аза очди Косонсой,
Мотамда Тўрақўрғон.

Эллик икки ёш ўғлон
Кулга айланган замон,
Фарзанд доғида ёнди
Эллик икки онахон.

Эллик икки паҳлавон
Вафот этгани ҳамон,
Унсиз фарёд қилолди
Эллик икки отахон.

Эллик икки қаҳрамон
Олов ичра берди жон.
Бўзлаб, сочи оқарди
Бева қолган кўп жувон.

Эллик икки нафар жон,
Учганда жаннат томон.
Етим номини олди,
Билмам, қанча болажон.

Эллик икки - катта сон,
Лекин эмас илк қурбон.
Яна юзлаб тобутлар
Хорижда бўлган сарсон.

Тириклай ёнди инсон,
Йўлга чиқиб излаб нон.
Мотам тут, бу аҳволга
Йиғла, эй Ўзбекистон!

Эллик икки мусулмон
Биттада бўлди қурбон.
Дуо қилинг ортидан,
Бағишланг, ўқиб Қуръон.

Бешак, Аллоҳ - меҳрибон.
Дуодан тинмас забон:
Шаҳидларга раҳм қил,
Бизга сабр бер, Раҳмон!

Мавзуга оид