Ўзбекистон | 13:33 / 20.01.2018
37947
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Bombardier самолётларини харид қилиши мумкин

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси мутахассислари ҳамда Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компанияларининг вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди. Дастур давомида Bombardier самолётининг Тошкент узра парвози намойиш этилди. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент-Шарқий аэродроми лойиҳаси билан танишиш жараёнида Ўзбекистонда бизнес-авиацияни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Arcos Jet ва Bombardier Business Aircraft компанияси вакиллари билан ташкил этилган учрашув Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси томонидан янги имкониятларни очадиган ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратадиган бизнес-авиацияни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалдаги тасдиғи бўлди. Лойиҳа Ўзбекистондаги ва хорижий тадбиркорларга маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқиш ва янги бизнес ҳамкорларни топиш масалаларини тезроқ ҳал қилиш имконини беради

- Юртингизга илк бора келишимиз ва Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси бизни таклиф этганидан беҳад мамнунмиз, - дея таъкидлади Bombardier Business Aircraft компаниясининг Шарқий Европа, Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий вице-президенти Валерия Колючая. - Ўйлайманки, бизнес-авиацияни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик алоқаларимиз яқин истиқболда ўзининг ижобий натижаларини беради. Фаолиятимиз асосан, самолётлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлсада, бизнес-авиацияси бозорининг бошқа - ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, экипаж аъзоларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалаш, шунингдек самолётни сотиш ёки ижарага бериш жараёнида юзага келадиган лизинг, суғурталаш, молиялаштириш, тахминий нархни олдиндан белгилаш каби турларини ҳам муваффақиятли ўзлаштиришга эришганмиз.

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

- Бу Ўзбекистон авиакомпанияси билан биринчи иш тажрибамиз, биз буни келгусидаги ҳамкорликнинг пойдевори бўлишига, минтақадаги бизнес-авиациясининг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонамиз- деди Arcos Jet бошқарувчи ҳамкори Михаил Алёнкин.– Ҳамма ерда бундай сервисга талаб бор ва у ўз истиқболига эга. Ўз навбатида биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга ҳаво кемаларини етказиб бериш ва харид қилишдан тортиб, уларни эксплуатация қилиш ва тижорат юкламасига қадар бўлган янги имкониятларни таклиф қиламиз. Биз ўзбек ҳамкорларимиз билан ўз тажрибаларимизни бўлишишга тайёрмиз. Ўйлайманки, бизнинг ҳамкорликдаги ишимиз хорижий инвесторларга ва ўзбекистонлик тадбиркорларга маҳсулотларини ташқи бозорга олиб чиқиш ва янги бизнес ҳамкорларни топишга ёрдам беради.

Ишбилармон доирадаги учрашув давомида Bombardier самолётининг тақдимоти ўтказилди. Учрашув иштирокчилари унинг техник характеристикалари ва авиацион имкониятлари билан танишдилар.

Музокаралар натижасида МАК ва бизнес-ҳамкорларнинг ўзаро ҳаракатлари режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида келишиб олинди.

Мавзуга оид