Ўзбекистон | 18:00 / 21.01.2018
79328
2 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентда сохта ДАН ходими қўлга олинди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан сохта ЙҲХБ ходими аниқланди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар берди.

20 январь куни соат тахминан 14:30ларда, Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган «Сергели» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимларига, ўзининг фуқаролик бурчини бажарган шахс мурожаат қилиб, Бинокор кўчасидаги автомобиль йўлида автомашина хайдовчиларини тўхтатиб, уларнинг ҳужжатларини текшираётган ЙҲХБ ходими унда шубҳа уйғотганини маълум қилган.

Мазкур хабар асосида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари юқорида кўрсатиб ўтилган жойга борган вақтларида, ҳақиқатдан ҳам фуқаро Азизбек Аширалиевич Рузиматов, ички ишлар органи ходимлари хизмат кийимида, гўёки ЙҲХБ ходими сифатида автоуловларни тўхтатиш билан шуғулланаётгани аниқланган.

Шубҳали шахс текширилган вақтда, у аслида ЙҲХБ ходими эмаслиги маълум бўлган ва ундан жезл, радиоалоқа воситаси, ҳуштак, ЙҲХБ ходимининг қалбаки кўкрак нишони ва қалбаки маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Рузматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид