Жаҳон | 08:40 / 21.01.2018
24311
2 дақиқада ўқилади

Туркияга Сурия ҳудудидан ракета учирилди

Сурия ҳудудидан Туркиянинг Килис вилояти томон учта ракета отилди. Бунинг оқибатида бир киши кичик жароҳатлар олган. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ракета зарбаси вилоятнинг маркази – Килис шаҳрига тўғри келган. Хавфсизлик кучларидаги манбанинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида бир нечта биноларга зиён етган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жўнатилган. 

Ракета ким томондан отилгани маълум қилинмаган.

Фото: Anadolu
Фото: Anadolu

20 январда Туркия бош штаби Суриянинг Африн шаҳридаги курд тузилмаларига қарши “Зайтун шохи” операциясини бошлашини эълон қилган. Операция Тошкент вақти билан соат 19.00да бошланган. Бош штаб маълумотларига кўра, операцияда 72 та самолёт иштирок этган ва 113 та белгиланган нишондан 108тасини аниқ мўлжалга олган.  

Ўз навбатида, курд томони бомбардимонлар оқибатида 9 киши, жумладан 6 нафар фуқаро ҳалок бўлгани, 13 киши жароҳат олганини маълум қилган. Кейинроқ Туркия бош вазири Бинали Йилдирим 21 январда Афринда қуруқликдаги операция бошланиши мумкинлигини маълум қилган. 

Мавзуга оид