Ўзбекистон | 22:20 / 23.01.2018
21057
6 дақиқада ўқилади

Дори воситалари ишлаб чиқариш ва олиб киришни тартибга солиш тўғрисидаги президент қарори имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5229-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республикага дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олиб киришни янада тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Унда қуйидагилар белгилаб қўйилган:

корхонанинг ўзи томонидан тайёрланган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади; 

корхонанинг ўзи томонидан тайёрланмаган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади; 

дори воситалари ёки тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида қадоқлаш, истеъмол ўрами ва маркировка қилишдан ташқари барча технологик босқичлардан ўтган ҳар қандай қадоқланмаган дори воситаси ёки тиббиёт буюми «in bulk» маҳсулот деб эътироф этилади; 

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқарилган тақдирда улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади; 

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари юқоридаги мезонга мувофиқ бўлмаган ёки «in bulk» маҳсулот асосида ишлаб чиқарилган ҳолларда, улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилмайди; 

маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари корхонанинг ўзи томонидан барча ёки алоҳида бутловчи ва технологик қисмларни ишлаб чиқариш ёхуд маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари бутловчи ва технологик қисмларни, шу жумладан, импорт қилинаётганларни йиғиш йўли билан ишлаб чиқариш ташкил этилган ҳолларда тиббиёт техникаси маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади. 

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда мазкур қарор қоидаларини инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 декабрдаги 352-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга доривор моддалар (субстанциялар) ва доривор ўсимлик хомашёсини рўйхатдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йил 1 февралга қадар хорижий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг рўйхатдан ўтиш ҳужжатларига уларнинг аризасига мувофиқ йиғим ундирмаган ҳолда «in bulk» маҳсулотнинг ўрами ва маркировкаси ҳақидаги маълумотни кўрсатишга оид қисмига ўзгартириш киритилишини таъминлайди. Шунингдек, вазирлик 2018 йил 1 мартга қадар дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини мазкур қарорнинг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган мезонлар асосида маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб топиш нуқтаи назаридан уларни ишлаб чиқаришни технологик аудитдан ўтказади.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар орасида муқобили бўлмаган «in bulk» маҳсулот асосида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат харидларида иштирок этишда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай маҳсулоти қийматидан 20 фоиз миқдорида нарх преференциялари тақдим этилади.

2018 йил 15 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг «in bulk» маҳсулотни импорт қилишда, рўйхатдан ўтган тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга «in bulk» маҳсулот асосида тайёрланган маҳсулотлар қисмига, рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 январга қадар сақлаб қолинади. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир ой муддатда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг муомаласи ва ишлаб чиқарилиши юзасидан танқидий ўрганиш ўтказади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича зарур чоралар кўради. 

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юкланган. 

Мавзуга оид