Жамият | 18:20 / 24.01.2018
25349
2 дақиқада ўқилади

Бухорода одамлар нега саксовулзорларни кесишга мажбур бўлишмоқда?

Фото: Казинформ

Ғиждувон туманидаги Гаждумак аҳоли пункти ҳудудида, Бухоро — Тошкент магистраль йўлининг шундоқ ёқасида ҳар куни саксовул, юлғун, ўрик ёғочи ортилган машиналар турнақатор тизилади. Қиш-қировли кун эмасми, уларнинг бозори чаққон, деб ёзмоқда “Халқ сўзи” нашри.

— Келинг, саксовулни 800 минг сўм, деб турибман, ками бор, — дейди автомашина ҳайдовчиларидан бири.

— Юлғун оламан десангиз, арзонлаштириб бераман, — дейди яна бири автоуловга ишора қилиб. 

Яна бири эса қизиқувчанлигимиздан хавотирланиб, “Ака, тирикчилик-да” деган кўйи ўзини четга тортади.

Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ, деганларича бор. Шу йўл билан тирикчилик қилаётганлар она-табиатга нақадар катта зиён етказишаётганини ўйлаб кўришармикан?! Ахир, саксовул билан юлғун чўлнинг асосий ўсимликларидан саналишади. Қум кўчкиларининг олдини олишда, гармсел шаштини пасайтиришда, экомуҳитни яхшилашда уларнинг хизмати беқиёс. Аммо буни хаёлига ҳам келтирмаган “шоввозлар” бир автомашина саксовулни фалон сўмга пуллаш билан овора.

“Гаждумакда эса... табиий газ йўқ. Тўғри, суюлтирилган газ таъминоти йўлга қўйилган. Аммо у чой қайнатиш, овқат пиширишдан ортмайди. Кўмир таъминоти ҳаминқадар. Шундай бўлгач, хонадон эгалари юлғуну саксовул ортилган машина эгаларининг “беминнат” хизматларидан фойдаланишга мажбурлар. Бундай оилалар сони эса кам эмас. Мабодо, шу ҳудуддаги аҳоли  хонадонлари табиий газ ёки энергиянинг бирор тури, қўйингки, арзон кўмир билан мунтазам таъминлаш йўлга қўйилганида, ортиқча сарф-харажат қилинмас, одамларнинг ташвиши енгиллашар, энг муҳими, бебаҳо чўл ўсимликларига зиён етмас эди”, деб ёзади нашр. 

Мавзуга оид