Ўзбекистон | 17:10 / 29.01.2018
17676
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дипломатларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолатдаги дахлсизлиги чекланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суднинг қарори билан Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Олий суди қарор қиладилар:

1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Олий судининг 2012 йил 13 февралдаги 7, 5 ва 22-сонли қарори (рўйхат рақами 2338, 2012 йил 13 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 11-сон, 121-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимларига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 3-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилди:

«Дахлсизликдан фойдаланувчи шахслар ЙПХ ходимлари билан алоқага киришган ҳолларда ўз мақомидан қатъий назар, аккредитация карточкаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда транспорт воситасининг дипломатик ваколатхонага тегишлилигини кўрсатувчи бошқа ҳужжатларни ЙПХ ходимларига тақдим этишга мажбур.»;

иккинчи — олтинчи хатбошилар тегишинча учинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисобланади.

2. 7-бандда:

иккинчи хатбошидан «Дипхорижхизматдан дипломатик ваколатхонанинг маъмурий жавобгарликка тортишга розилиги тўғрисида хабарномани олганидан кейин» деган сўзлар чиқариб ташланди;

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарима Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда тўланади.».

3. 8-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари уч маротабадан кўп бузилганда, ҳуқуқбузарга бириктирилган транспорт воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгилари Дипхорижхизмат томонидан ТИВ тегишли бўлинмаси билан келишилган ҳолда олти ойгача бўлган муддатга олиб қўйилиши мумкин ёки тегишли дипломатик ваколатхона бошлиғи ТИВга тушунтириш ишлари учун чақиртирилади.»;

бешинчи хатбошидаги «ҳар чоракда» деган сўзлар «даврий равишда» деган сўзлар билан алмаштирилди;

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«ТИВ, зарур бўлганда, Дипломатик маълумотномада ва бошқа манбаларда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни мунтазам равишда тўламайдиган дахлсизликдан фойдаланувчи шахсларнинг «қора рўйхат»ини эълон қилади.»;

қуйидаги таҳрирдаги хатбошилар билан тўлдирилди:

«Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари ёрдамида аниқланган ҳолда транспорт воситасининг эгаси маъмурий жавобгарликка тортилади.

Дипломатик ваколатхонага тегишли транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари ёрдамида аниқланган ҳолларда дипломатик ваколатхонага тегишли транспорт воситасининг эксплуатацияси учун мутасадди шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.

Транспорт воситасининг мулкдори махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши учун жавобгарликдан озод этилади, башарти:

маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан келтирилган шикоятни кўриб чиқиш давомида ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда тегишли транспорт воситасига эгалик қилган шахс аниқланса;

мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида унинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса.».

Мавзуга оид