Жаҳон | 18:40 / 30.01.2018
41949
2 дақиқада ўқилади

Стокҳолмдаги теракт ижрочиси Раҳмат Оқиловга айблов эълон қилинди 

Фото: Aftonbladet

2017 йил апрелида Стокҳолм марказида юк машинасида одамларни босиб кетган Раҳмат Оқилов террорчиликда айбланмоқда. Бу ҳақда ушбу ишни олиб бораётган, бош прокурор ўринбосари Ханс Ирман 30 январда матбуот анжуманда маълум қилди. 

“Унга террорчилик айблови эълон қилинди. Менинг вазифам у жамиятимизда яна эркинликда бўлишига йўл қўймасликдан иборат. У Швецияни ИШИДга қарши глобал коалицияда иштирок этгани учун жазоламоқчи бўлган”, деб айтган Ирман. 

Айблов томони маълумотларига кўра, ўзбекистонлик Оқилов 2017 йил январда турли одамларга ИШИД номидан теракт содир этиш таклифи билан хабарлар ёзган. Прокуратура бунинг исботи сифатида унинг 20дан кўпроқ одам билан суҳбати (чат) матнларини келтирган. Оқилов ўтган йил март ойида “кофирларни босиб кетмоқчилигини” ва “Швеция НАТОни қўллаб-қувватлаётгани, Ироққа ҳарбийлар юбораётгани ва курдларни ўқитишда иштирок этаётганини” ёзган.     

Бундай суҳбатлардан бирида у Европада теракт содир этмоқчилигини ва худкуш камарини йиғмоқчилигини ёзган. Бундан ташқари, унинг 3 апрелдаги номи маълум қилинмаётган бир одам билан чатида юк машинасини қандай топиш мумкинлигини муҳокама қилган. Оқилов, шунингдек, ўзининг қабиҳ ишини амалга ошириш учун ўзига  шерик топишга ҳаракат қилган.

Оқилов 2017 йил 7 апрелда Стокҳолм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида одамларни босганча 550 метр юриб ўтган. Полиция маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 15 киши яраланган, 5 киши ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид