Жамият | 22:00 / 04.02.2018
139470
7 дақиқада ўқилади

Профессордан бўлажак оналарга тавсиялар ва огоҳлантиришлар: KUN.UZ’да янги лойиҳа

Инсон саломатлиги бебаҳо неъмат. Унинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Инсоннинг бирон жойи оғриса, кўзига дунё қоронғи кўриниб кетади. Оғриқдан, дарддан қутилиш чорасини излаб қолади. Аммо у мана шундай ҳолатга ҳам тушмаслиги мумкин эди? Соғлом ҳаёт кечирган инсон бу каби нохушликлардан узоқ юради. Хўш, соғлом турмуш тарзи қандай кечирилади, соғлом ҳаётга қандай эришилади?

KUN.UZ таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати билан ҳамкорликда янги – «Соғлом ҳаёт» туркум кўрсатувлар лойиҳасини бошлади. Бундан мақсад одамлар орасида тиббий маданиятни ривожлантириш, уларнинг соғлом турмуш тарзи олиб боришларида кўмакчи бўлишдир. Лойиҳамизнинг биринчи меҳмони Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Махмуда Ҳамдамовна Каттахўжаева бўлди. Профессор билан оналик ва болалик мавзусида атрофлича суҳбатлашдик. 

Фото: Маҳмуда Каттахўжаева/Kun.uz

- Авваламбор, ассалому алайкум. Бу лойиҳага қўл урилгани жуда маъқул иш бўлибди. Чунки одамлар саломатликлари ҳақида, умуман тиббиёт ва тиббий маданият ҳақида етарлича маълумот олишлари керак, бу лойиҳа эса бу ишда айни муддаодир.

Бугун биз репродуктив саломатлик ҳақида сўз юритмоқчимиз. Сўнгги пайтларда кўп тилга олинаётган ва ҳатто давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган бу йўналишнинг ўзи нима? У, асосан, нималарга эътибор қаратди? Репродуктив саломатлик содда тил билан тушунтирганда она ва ота бўлиш борасида тўлиқ жисмоний ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир. Репродуктив саломатликнинг катта қисмини ҳомиладорлик, оналик ва болалик қамраб олади. 

Ҳомиладор аёл то кўзи ёригунга қадар тўрт марта ультратовуш текширувдан ўтишлари керак бўлади. Биринчиси, ҳомиладорликнинг 10, 12 ёки 14 ҳафтасигача бўлган даврда (биринчи уч ойлик) ўтилади ва бу бирламчи скрининг дейилади. Бу даврда онада қандайдир патологик ўзгаришлар бўлса, дарров аниқ бўлади. Иккиламчи, асосий скрининг ҳомиланинг 16-20 ҳафталигида бўлиб ўтади. Бунда нафақат ультратовуш, балки биокимёвий скрининг ҳам ўтказилади. Агар боланинг ривожланишида қандайдир нуқсонлар бўлса, бунда аниқ кўринади. Учинчи давр 26-28 ҳафталикда ва ниҳоят тўртинчиси бола туғилишида тўрт ҳафта қолганда ўтказилади. Бу тўртта даврда ўтказиладиган текширувлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Акушер-геникологлар ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган стандартларга мос.

Махмуда Каттахўжаеванинг маълум қилишича, ҳомиладор аёлларнинг аксари бу даврда камқонлик касаллиги билан кўп мурожаат қилишади. Камқонлик – бу нохуш ҳолат. Оддий инсон камқонликка йўлиқса унинг организмидаги тўқималарда кислородга бўлган талаб кучаяди. Ҳомиладор аёлда бу ҳолат бир ярим марта оғирроқ кечади. Шунинг учун аёлда ҳомиладорлик пайти камқонлик бўлса, болада ҳам, онада ҳам асорат кузатилади. Онада ҳолсизлик, қон босимининг пасайиши, бош айланиш ҳолатлари, болада эса ривожланишдан ортда қолиш кузатилади. Бундан ташқари, камқон ҳомиладор аёлларда эрта туғуруқ бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Энг аянчлиси, бу аёлларда туғуруқ пайти кўпроқ қон кетади.

- Бу нохушликнинг олдини олса бўлади. Давлатимиз томонидан бугунги кунда ҳомиладор аёлларга ярим витамин минерал комплекслар бериляпти, - дейди М.Каттахўжаева. – Бутун ҳомиладорлиги давомида ҳар бир аёлга бу давлат бюджети ҳисобидан олиб берилади. Минераллар бу дори-дармонлар эмас, балки қўшимча биологик фаол моддалар, микроэлемент ва витаминлардир. Ҳар бир таблетка ёки капсуланинг ичида организмга керак фаол моддаларнинг 13таси жамланган. Битта таблетка бир кунлик тана эҳтиёжини қоплайди. 

Маҳмуда Каттахўжаева билан суҳбатлашар эканмиз, мавзуни табиий туғуруқ ва кесир кесиш йўли билан фарзанд дунёга келтириш, жарроҳликдан сўнг қилинадиган даволаниш чораларига қаратдик.

Фото: Kun.uz

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмалари бўйича, айни кунларда тахминан 10-15 фоиз туғуруқ жараёни кечир кесиш амалиёти билан тугайди. Бу табиий ҳолат. Негаки, она тарафдан, унинг ҳомиласи тарафдан кўрсатмалар бўлади. Шундай ҳолатлар бўладики, туғуруқ фақат кесар кесиш йўли билан амалга оширилади. Агар мазкур жарроҳлик амалга оширилмаса, она ва бола саломатлигига жиддий хавф пайдо бўлади. Бу борада ўзимизнинг ишлаб чиққан стандартларимиз бор. Биз жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ишлаб чиққан стандартни Ўзбекистон шароитига, аёлларимизнинг саломатлигига мослаштирдик. 

Кесир кесиш жараёнида нафақат қорин, балки бачадон ҳам кесилади. Шу боис бачадон деворида чандиқ ҳосил бўлади. Бу унча яхши ҳолат эмас. Чунки навбатдаги ҳомиладорлик ва туғуруқ пайтида бу чандиқ асоратга олиб келиши мумкин. Энг қўрқинчли асорати чандиқ бўйича ёрилиб кетиши. Бу жарроҳликни бошидан ўтказган аёл кейинги ҳомиладорлик вақтида ўта эътиборли бўлиши лозим. Нафақат аёл, балки оиладаги барча онага эътиборли бўлиши керак. Бундай пайтда ҳомиладор аёлнинг саломатлигига хавф соладиган белгиларга эътибор қаратиш керак. Булардан биринчиси – оғриқ пайдо бўлишидир. Буни локал оғриқ деймиз. Бунда аёл айнан қайси жойи оғриётганини аниқ нуқтасини кўрсатиб бера олади. Бундай ҳолатда у, биринчи навбатда, ультратовуш текширувидан ўтказилиши керак. Аксари ҳолатларда бундай ҳолат кузатилса, аёлнинг кейинги туғуруқ жараёни ҳам кесир кесиш амалиёти билан тугатилади.

Шифокорнинг таъкидлашича, кесир кесиш йўли билан кўзи ёриган аёлнинг навбатдаги ҳомиласи ўртасидаги давр камида уч-тўрт йилни ташкил этиши керак. Бунда чандиқлар мустаҳкам битиб, асоратга олиб келмайдиган даражада бўлади.

Маҳмуда Каттахўжаева билан олиб борилган суҳбат давомида она ва бола саломатлигига эътибор қаратиладиган кўп жиҳатлар, ҳомилага тайёрланиш ва бу даврда саломатлик учун қилинадиган чоралар ва яна кўплаб зарур тавсиялар ҳақида суҳбатлашилди.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид