Жамият | 18:33 / 05.02.2018
23779
4 дақиқада ўқилади

“Яшил” йўлак орқали тилла тақинчоқлар олиб киришга уринган илк қоидабузарлар фош қилинди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Маълумки, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республиканинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди. Янги тизимни жорий этишда энг аввало фуқаролар ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш кўзланган.

Амалдаги тартибларга кўра, республикага кириб келаётган йўловчилар яшил йўлакдан фақат қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлмаган товарларни олиб ўтишлари мумкин. Яъни, яшил йўлакдан ўтиш жисмоний шахснинг ёнида ортиқча товар-моддий бойликлари йўқлигини божхона органларига оғзаки декларациялаганини англатади.

Бу ҳақидаги батафсил маълумотлар, республика халқаро аэропортларидаги икки йўлакли тизим олдида жорий қилинган ахборот ҳудудларида батафсил маълумотлар келтирилган, деб хабар бермоқда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати.

Аммо, баъзилар амалдаги тартибларни яхши билишса-да, ўзлари учун жорий қилинган бу қулайликни ноқонуний даромад орттириш илинжида суиистеъмол қилишга уринишди. Яъни, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида яшил йўлак орқали тилла ва заргарлик буюмларини олиб ўтишга уринган илк қоидабузарлар тўхтатиб қолинди.

Истанбулдан учиб келган фуқаро Ф.Ю.нинг божхона чегараларини яшил йўлак орқали кесиб ўтаётиб, ўзини тутиши ва безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Қаранг-ки, Ф.Ю. аёллар сумкасидаги пардоз упаси қутиларига ва эгнидаги кийими чўнтакларига 263 гр. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини яширгани фош бўлди.

Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати 67 млн. сўмдан ошади.

Айни шу рейс бўйича парвозини якунлаган фуқаро Ғ.Т. ҳам яшил йўлак берган имкониятдан ғайриқонуний мақсадда фойдаланиб қолишга уринди. Яъни, белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 72 гр. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини қизил йўлак қолиб, яшил йўлакдан олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати салкам 16.5 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари “Истанбул-Тошкент” рейсининг яна бир йўловчиси фуқаро фуқаро М.М. томонидан қизил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, лекин йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан туриб, қиймати салкам 24,5 млн. сўмни ташкил қилувчи 119 гр. тилла тақинчоқларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйишди.

Ваҳолангки, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, пойтахт аэропорти орқали ҳар суткада дунёнинг турли шаҳарлари бўйлаб, ўртача 40 дан ортиқ рейслар амалга оширилади. Бу ерда бир кунда ўртача 6-7 минг нафар йўловчилар ҳаракатланаётган бўлса, шуларнинг тахминан 93 % и божхонадан яшил йўлак орқали ўтишмоқда.

Демак, кўриниб турибди-ки, уларнинг барчасини бирма-бир божхона назоратидан ўтказиш жараёнига қамраб олишнинг имкони йўқ. Шундай экан, бу вазиятда божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда фуқаролардан ҳам божхона қонунчилигига қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Мавзуга оид