Фан-техника | 10:19 / 06.02.2018
10752
2 дақиқада ўқилади

Nissan чанғи ва гусеницаларда ҳаракатланувчи родстер тақдим қилди (видео)

Фото: Nissan

Nissan япон компаниясининг АҚШдаги филиали қорли йўллар учун мўлжалланган 370Zki родстерининг концептини намойиш қилувчи видеоролик билан бўлишди. Бу концептда олди ғилдираклар чанғилар, орқа ғилдираклар эса гусеницалар билан алмаштирилган. Концепт 8 февралда очиладиган Чикаго автосалонида оммавий намойиш қилинади.

Модел Nissan 370Z негизида ягона нусхада яратилган ва қорли қияликлар бўйлаб ҳам юра олади. Прототипни яратиш жараёнида Nissan муҳандислари 370Z’нинг подвескасини тўлиқ ўзгартириш, ғилдирак аркаларини кенгайтириш ва родстер кузовини 3 дюймга (8 см) кўтаришларига тўғри келган. 

Родстер 3,7 литрли, 6 цилиндрли, 322 от кучига эга бензин двигатель ва 7 поғонали автоматик узатмалар қутиси, модернизация қилинган тормоз тизими ва кузов тубининг қўшимча ҳимояси билан жиҳозланган. Кузов тирналишлардан ҳимояловчи махсус плёнка билан қопланган. 

Бу машина япон компаниясининг гусеницали автомобиллар яратишдаги биринчи тажрибаси эмас. Компания 2016 йилда Rogue кроссовери негизида яратилган гусеницали Warrior прототипини тақдим қилганди. Машина йўл билан туби орасидаги 58 см лик оралиқ эвазига 45 градуслик қорли нишабликлардан ўта олган, максимал тезлиги 100 км/соатни ташкил қилган.

Nissan 2017 йилда Rogue Trail Warrior Project гусеницали кроссоверини тақдим қилган. Машина камуфляж кўринишида бўялган бўлиб, томида ёруғлик диодли чироқлар, олдида эса электр чиғир (лебёдка) ўрнатилган.

Мавзуга оид