Ўзбекистон | 20:50 / 07.02.2018
15219
2 дақиқада ўқилади

Ички туризм бўйича қарор: 10 февралдан 3 йил муддатга қатор ўзгаришлар жорий этилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

2018 йил 10 февралдан 3 йил муддатга шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра:

иш берувчининг сайёҳлик турларини ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун лицензияланган туристик фаолият субъектларидан республика ҳудудида сотиб олиши ишчининг даромади ҳисобланмайди ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда чиқариб ташланади;

жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик турларни туристик фаолияти лицензияланган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммаси билан камайтирилади. Бунда тасдиқловчи ҳужжатлар туристик йўлланма, авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари;

туристик фаолият субъектларининг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туристик бренди ва «Uzbekistan.travel» сайти рекламаси жойлаштирилган босма маҳсулотлар (карталар, брошюралар, памфлетлар, флаерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотлари (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёпиштиргичлар, қопламалар, футболкалар ва кийим-кечаклар, идишларга ёзилган ёзувлар)ни тайёрлаш ҳамда тарқатилиши учун сарфланган харажатлар миқдорига камайтирилади.

Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикаси бўйлаб лицензияланган туристик фаолият субъектларидан туристик турларни харид қилишга 10 миллион сўмга бўлган ҳажмда, иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имконияти билан истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид