Жаҳон | 18:00 / 07.02.2018
80619
2 дақиқада ўқилади

Москва суди Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги референдумни бекор қилди

Фото: MyTashkent.uz

Москва шаҳрининг Замоскворецкий суди 2018 йил 18 март кунги президентлик сайловлари кунида референдум ўтказишни тақиқлади, унда Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш масаласи кўтарилиши мумкин эди. Бу ҳақда ТАСС хабар қилди.

«Суд Якиманка муниципал округи депутатларининг “Якиманка муниципал округи ҳудудида маҳаллий референдумни ўтказиш ташаббуси тўғрисида”ги қарорини ноқонуний деб тан олиш ҳамда бекор қилишга қарор қилди. Суд қарорига у якуний шаклда қабул қилинган пайтдан бошлаб 10 кун давомида шикоят юбориш мумкин», - дея айтиб ўтган судья Нелли Рубцова.

Якиманка муниципал округи расмий сайтидаги маълумотларга кўра, округ депутатлари 25 январь куни 18 мартда маҳаллий референдумни ўтказиш ва унга Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш ҳамда Каримов хиёбонида фаввора ўрнатиш масаласини олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилишган. 

Муниципал округ раҳбари Андрей Морев суд йиғилиши якунида қарор бўйича шикоят юбориш ниятида эканини хабар қилди.

Мавзуга оид