Жаҳон | 18:58 / 10.02.2018
38153
2 дақиқада ўқилади

Фаррош осмондан тушган муз бўлагидан эсанкираб қолди (видео)

Фото: Bloomfield Executive Cars

Лондоннинг кўчаларидан бирига осмондан муз бўлаги тушди ва ён-атрофдаги одамларга шикаст етказишига бир бахя қолди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда

Воқеа видеода қайд қилинган. Роликда кўчада фаррошни ва яна бир кишини кўриш мумкин. Муз бўлаги фаррошдан 2-3 метр чамаси нарироққа катта куч билан тушиб, парчаланиб кетган. Бундай кутилмаган ҳолатдан фаррош чўчиб, бир сакраб тушган.

Сергей Мешков номли ушбу фаррош Richmond and Twickenham Times газетасига юз берган воқеа ҳақида сўзлаб берган.

“10 кг гача келадиган муз бўлаги ё самолётдан, ё осмондан тушди. Бу жуда тез содир бўлди. Мен унча қўрқмадим, бироқ муз мени ўлдириши ҳам мумкин эди. Омадим келди, деб ўйлайман”, деб айтган фаррош.

Воқеанинг яна бир гувоҳи юз берган воқеани “даҳшат” деб атаган.

“Бу фалокат ҳақидаги фильмга ўхшаб кетди. Муз бўлаги гўёки метеорит тушгандек шовқин солди. Кўчадаги фаррош бундан кўрқиб кетди. Ҳамма нима содир бўлаётганини кўриш учун ташқарига югуриб чиқди. Бу даҳшат эди”, деб айтган у.

Нашрнинг таъкидлашича, муз тушган кўча устидан тез-тез самолётлар учиб туради. Фуқаро авиацияси бошқармаси вакили гоҳида самолётлардан муз бўлаклари тушиб туришини, бироқ бу ҳолат бирор метеорологик ҳодиса билан боғланган бўлиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид