Жаҳон | 20:20 / 11.02.2018
80663
2 дақиқада ўқилади

Москва яқинидаги авиаҳалокат. Шу вақтгача нималар маълум?

«Саратов авиалиниялари» компаниясининг Москвадан Орскка йўл олган Ан-148 йўловчи самолёти пойтахт вилоятида ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 71 киши — 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Самолётдагиларнинг ҳеч бири фалокатдан омон қолмади.

Ушбу йўловчи самолёт бутунлай парчаланиб кетган. Унинг қолдиқлари Аргунцево ва Степановское қишлоқлари ўртасидаги ҳудуддан топилди.

Гувоҳлар Москва яқинидаги авиаҳалокат тафсилотларини сўзлаб беришди. Маълум бўлишича, самолёт ерга қулагач, қаттиқ портлаш овози баралла эшитилган. Бу урилиш оқибатида самолёт парчалари кенг майдон бўйлаб сочилган.

«Қаттиқ шовқин эшитилди. Бу ноодатий овоз эди. Бу худди ядро бомбаси портлаши овозини эслатарди. Кўчага чопиб чиқдим. Бу портлаш экан. Узоқдан осмонда қалин тутун кўринди», деган у.

Ҳозирча ҳалокат сабаби бўйича расмий маълумот берилмади. Самолёт ҳавода вертолёт билан тўқнашиб кетгани ҳақидаги тахминлар тасдиқланмади.

«Газета.Ru» маълумотига кўра, самолёт авиадиспетчерга носозлик ҳақида хабар қилганди. У Жуковскийга мажбурий қўнишни амалга ошириши керак бўлган.

«Саратов авиалиниялари» компаниясига қарашли ушбу самолёт ҳалокати бўйича Тергов қўмитаси томонидан РФ ЖК 3-қисм, 263-модда бўйича жиноий иш очилган. Воқеа жойида тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.

Маълум қилинишича, ушбу самолёт тажрибали учувчи томонидан бошқарилган. Валерий Губанов шу вақтгача 5 минг соатдан ортиқ парвоз қилганди. Бундай типдаги самолётни эса 2,8 минг соат давомида бошқарган.

Ан-148 самолёти Украинада «Антонов» конструкторлик бюроси томонидан 2009 йилда ишлаб чиқариш бошланган. Самолёт 83 кишига мўлжалланган бўлиб, узоқлиги 4400 километргача бўлган йўналишларда фойдаланилади.

Ҳалокатга учраган самолёт янги эди.

Мавзуга оид