Ўзбекистон | 10:26 / 12.02.2018
27891
6 дақиқада ўқилади

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари қандай?

Фото: Studproject

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Лойиҳа билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини белгилаш назарда тутилган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) деганда ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши тушунилади.

Хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Лойиҳада назарда тутилишича, хорижий давлатларда умумий ўрта таълим (9-синф) босқичидан кейин 10, 11 ва ундан юқори синфларни тугалламасдан келган фуқароларнинг таълим ҳужжатлари (маълумотнома ёки баҳолар табели)ни тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тегишли комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ҳафта муддатда амалга оширилади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган;

мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари:

таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олиниши Ўзбекистон Республикаси билан давлатлараро битимларда кўзда тутилган бўлиши зарур.

Мазкур бандда белгиланган талабларга мос келмаслик хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олмасликка асос бўлади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялашда ушбу давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олингандан кейин уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартларига мослиги аниқланади. Эквивалентликни қайд этиш жараёни махсус экспертиза орқали ўтказилади.

Махсус экспертиза қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни ҳамда мувофиқлиги;

кириш синовларининг мавжудлиги;

имтиҳонлар ва синовлар тизими;

таълим олувчининг ўқиш давридаги баҳолари (эришган натижалари, рейтинги, ўзлаштириши);

ўзлаштирилган фанлар ҳажми (фанларнинг номи ва соатлар миқдори);

амалиётнинг мавжудлиги ва унинг давомийлиги;

якуний малака аттестациясининг мавжудлиги ва даражаси;

битирув малака ишининг мавжудлиги;

қўшимча таълимнинг мавжудлиги.

Олинган билимлар ва тажриба якуний тайёргарлик нуқтаи назаридан ўқув режалари ва таълим услубиятида бўлиши мумкин бўлган фарқларни эътироф этган ҳолда баҳоланади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларда кўрсатиб ўтилган тайёргарлик соҳаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим йўналишлари рўйхатига мос келмаса (кооперация йўли билан ёки мақсадли таълим олган ариза берувчининг ҳужжатлари бундан мустасно) ёки ўқитиш ҳамда тайёрлаш Ўзбекистон Республикасида олиб борилмайдиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва соҳаларда амалга оширилган бўлса, мазкур хужжатларнинг эквивалентлигини қайд этиш масаласи экспертлардан иборат махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги тўғрисидаги салбий хулоса қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан бир йилдан кам бўлса;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда кам академик ва (ёки) профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий ўқув юртларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);

маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса.

Мавзуга оид