Самарқандда суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини юксалтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди
Самарқандда Ўзбекистон Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли» мавзусида семинар ўтказилди, деб хабар беради Kun.uz’нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири.
Ҳудудий бошқарма бошлиғи Отабек Ахтамов Ҳаракатлар стратегиясини ижросини таъминлаш ҳамда Президентнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ушбу органлар билан ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини ҳамда адвокатура ролини кучайтириш лозимлиги ҳақида гапириб ўтди.
Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судлари, божхона бошқармаси ходимлари, адвокатлар ҳамда адлия органлари вакиллари, шунингдек, ЎзЛиДеП вакиллари иштирок этган семинарда сўзга чиққан Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг раиси Маъруфжон Тожибоев судья ва суд ходимларининг масъулияти, касб маҳорати ва малакасини янада ошириш, суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлаш, одил судловни амалга ошириш, адолатни қарор топтириш, қонуний ва адолатли суд қарорларини қабул қилиш суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини юксалтиришнинг асосий омиллари эканлигини таъкидлади.
«Судьялар томонидан қонунчилик талабларига риоя этмаслик, сансалорлик ва бепарволикка йўл қўйиш ҳолатлари эса ушбу вазифаларни амалга оширишда тўсиқ бўлиши шубҳасиз. Биз бу борадаги камчиликларни бартараф этишда ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро ҳамжиҳатликдаги чора-тадбирларни янада кучайтиришимиз зарур», — деди М.Тожибоев.
Суд-ҳуқуқ тизими фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш борасида эришилган натижалар, қонунийликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга йўналтирилган изчил ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини таъминлаш, айниқса, қишлоқ аҳолиси, ёшлари, тадбиркорлари манфаатларини ҳимоялаш борасида самарали бўлишини албатта таъминлайди.
Семинарда ҳамкор ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш лозимлиги келишиб олинди.
Мавзуга оид
13:49
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
15:49 / 02.11.2024