Спорт | 16:02 / 13.02.2018
22179
7 дақиқада ўқилади

«Сити» «бир оёғи билан» чорак финалда, Кейн эса Турин девори қаршисида. ЕЧЛда бугунги ўйинлар анонси

«Трибуна» бугунги Чемпионлар лигаси ўйинлари анонсини тақдим этади. Бугун турнир нимчорак финали доирасида «Ювентус» «Тоттенҳэм»ни қабул қилади, «Манчестер Сити» Швейцарияда «Базель» меҳмони бўлади. Иккинчи жуфтликда барчаси амалда аниқ бўлса, биринчи тўқнашувда аниқ фаворит йўқ.

«Манчестер Сити» бир оёғи билан чорак финалда
1/8 финал. Биринчи ўйин
«Базель» (Швейцария) – «Манчестер Сити» (Англия)
13 февраль. Базель, «Санкт-Якоб Парк» стадиони, 00:45 (Тошкент вақти билан)

Икки ўйин ўтказилади, аммо бу жамоалар ўртасида айни кунда фарқ шунчалик каттаки, ҳеч ким швейцарияликларда заррача бўлсин имконият борлигига ишонмайди. «Сити» декабрь-январь ойларидаги кичик пасайишдан ўтиб олди, энди бу кунларни унутиш мумкин. Ўтган мавсумда қишки инқироз Хосеп Гвардиола жамоаси учун ўта ҳалокатли келганди («Челси» (1:3), «Лестер» (2:4) ва «Ливерпуль»га (0:1) қарши ўйинлардаги мағлубиятлар. Бу мавсумда эса жамоа бу даврда фақат бир мағлубият қайд этилди ва жамоа ЕЧЛ плей-оффига деярли жароҳатларсиз етиб келди (фақат Менди ва Делфда жароҳат бор, Сане – захирадан ўйинга тушиши мумкин).

Ўтган шанба куни «Сити» «Лестер»га қарши ўйиндаги ҳаракатларидан келиб чиқадиган бўлсак, (бу ўйинда Агуэро покер қилди, Де Брюйне 3та голга пас берди) «Базель»ни даҳшатли 90 дақиқа кутиб турибди. Швейцарияликлар жамоаси аввалги мавсумларда «Арсенал», «Челси», «Манчестер Юнайтед» ёки «Ливерпуль»га қарши ўйинларда нималаргадир эришгандир, аммо энди уларда энди кейинги босқичга чиқиш учун имконият деярли йўқ. «Базель» ички чемпионатда ҳам қониқарсиз натижалар қайд этмоқда, жамоа охирги турда «Лугано»га ютқазди ва турнир жадвали етакчиси «Янг Бойз»дан 5 очко ортда қола бошлади.

Гвардиола «Базель» майдонида тажрибаларини давом эттириши мумкин. Испаниялик мутахассис бу ишни хуш кўради – премьер-лигада эса ҳар бир жамоа жиддий ёндашувни талаб этади. Шу туфайли у бу истагини британ кубокларида ёки Чемпионлар лигасида бажариши мумкин. «Санкт-Якоб Парк»да Бернарду Силва, Александр Зинченко, Ляпорт ва Габриэл Жезусга имконият берилишини кутиш мумкин.

«Базель» чидамлироқ бўлиши, омад ва мўъжизага умид қилиши керак бўлади. Лекин бу мавсумдаги «Сити»нинг мақсади Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш.

«Ювентус» гол ўтказмайди, «Тоттенҳэм» ҳамиша гол уради
1/8 финал. Биринчи ўйин
«Ювентус» (Италия) – «Тоттенҳэм» (Англия)
13 февраль. Турин. «Ювентус» стадиони, 00:45 (Тошкент вақти)

Бу қарама-қаршилик қандай натижа билан тугашини барча кутмоқда, ҳужумда ранг-барангликларга эга «Тоттенҳэм» метин ҳимоя, ақлли ва аниқ ҳаракатланадиган «Ювентус»га қарши – бу ЕЧЛнинг бу босқичидаги энг ностандарт жуфтлик. Лондонликлар бу мавсумда бундай ҳимояга қарши ҳали ўйнамаган («Ювентус» 2018 йилда ҳали гол ўтказмади!), туринликлар ҳам ҳали жорий мавсумда бундай ҳужумкор жамоага қарши ўйнамаган.

Маурисио Почеттино жамоаси мавсумнинг қийин даврини муваффақият билан босиб ўтмоқда – «Ливерпуль» (2:2), «МЮ» (2:0) ва «Арсенал» (1:0) жамоаларига қарши ўйинларда керакли натижаларга эришилди. Ҳозирги кунда ҳужум ташкил қилиш борасида «шпорлар» АПЛда фақат «Ман Сити»дан ортда қолиши мумкин. Ҳужум ва мудофаа баланси маромида, бу эса олдинда турган ўйинда лондонликларга устунлик бериши ҳам мумкин.

Аммо «Ювентус» уйида ўйнайди, жамоа охирги марта ўтган йил октябрида «Лацио»га ютқазган (0:1). Туринда эса «Юве»ни енгиш имконсиз ишга айланган, жамоа охирги марта ўз майдонида 2015 йилнинг 23 августида ютқазган («Удинезе» – 0:1)! Массимилиано Аллегри шогирдлари ички чемпионатда қаторасига 11 учрашувда ғалаба қозонишган. Мухлисларни ўта муросасиз баҳс кутиб турибди.

«Ювентус» Лихтштайнерни бу ўйинга заявка қилмайди, шунингдек, ҳали жароҳатидан тўла фориғ бўлган Пауло Дибала ҳам заявка қилинмаслиги кутилмоқда. Ҳали жароҳатини тузатишда давом эттираётган Барзальи, Матюди ва Куадрадо ҳам бугун жамоага ёрдам бера олмайди. «Шпорлар»да эса таркиб борасида муаммолар йўқ. Алдервейрелд ва Эрик Ламела узоқ вақтлик танаффусдан кейин сафга қайтган, шунингдек, жамоа қишки трансферлар вақтида «ПСЖ»дан Лукас Моурани сотиб олиб таркибни кучайтирган.

Бу учрашув 2017 йилнинг энг яхши тўпурарига айланган Кейн учун муҳим синов бўлиши мумкин. Алли, Эриксен, Сон ва бошқа футболчиларнинг ҳақиқий кучини ҳам энди билиш мумкин.

Ҳарри Кейн кетма-кет дуэлларда устун келмоқда, у «Ливерпуль»га қарши ўйинларда Муҳаммад Салоҳ ва «Арсенал»га қарши ўйинда жамоанинг янги ҳужумчиси Обамеянг билан солиштирилди. Энди навбат Гонсало Игуаинга етиб келди.

Жамоалар илк марта ўзаро расмий учрашув ўтказишади. Бу жамоалар ўтган йил ёзида ўртоқлик учрашуви ўтказган, ўшанда Кейн ва Эриксеннинг голлари «Уэмбли»да лондонликларга ғалаба келтирганди.

«Ювентус»ни мағлуб этиш – жамоа тарихида из қолдириши аниқ. Дурангга эришиш орқали жамоа «Барселона» (0:0) билан бир қаторга туради. Ютқазиш – қўрқинчли эмас. Жамоа «Уэмбли»да жавоб қайтариши мумкин.

Мавзуга оид