Ўзбекистон | 19:10 / 13.02.2018
22594
3 дақиқада ўқилади

Визасиз келган илк сайёҳларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўзи кутиб олди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида етти мамлакат фуқароларига нисбатан жорий қилинган эркин режимдан кейин Ўзбекистонга визасиз ташриф буюрган илк меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. 11 февраль куни Корея Республикаси ва Япониядан ташриф буюрган сайёҳларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимовнинг ўзи кутиб олди. Япония фуқароси Кубоки Ю ва Корея Республикаси фуқароси Ким Ши Хон Ўзбекистонга визасиз келган илк сайёҳлар бўлишди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг KUN.UZ'га хабар беришича, қўмита раиси сайёҳларга миллий сувенирлар ва махсус совғаларни топширган.

Азиз Абдуҳакимов ва Кореядан ташриф буюрган илк визасиз сайёҳ
Кореядан ташриф буюрган илк визасиз сайёҳ
Япониядан ташриф буюрган илк визасиз сайёҳ

12 февраль куни эса Ўзбекистонга Туркиядан илк "визасиз" сайёҳ ташриф буюрди, яъни у олдиндан виза олмай, 30 кун давомида мамлакат ҳудудида саёҳат қилиш имконига эга. Туркия фуқароси Умар Авазни ҳам қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов кутиб олиб, эсдалик совғалари топширди ва Ўзбекистон бўйлаб ёқимли саёҳат тилаб қолди.

Туркиядан ташриф буюрган илк визасиз сайёҳ

Худди шу куни Исроил давлатининг илк визасиз фуқароси ҳам пойтахтимизга ташриф буюрди. Ўзбекистонга визасиз ташриф буюрган илк фуқаро Раввин Хилел Хаимов бўлди. У ҳам Азиз Абдуҳакимов томонидан байрамона руҳда кутиб олиниб, махсус совғаларга эга бўлди.

Исроил давлатининг илк визасиз фуқароси
Исроил давлатининг илк визасиз фуқароси

Сайёҳлар ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва самимийлигини мамнуният билан қайд этган ҳолда, уларга яратилаётган қулайликлар учун миннатдорчилик билдиришди.

Шунингдек, 12 февраль куни Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон-Корея бизнес доираси муҳокамаларида Корея бош вазир ўринбосари Ким Донг Ён бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюрган илк фуқаролар қаторида бўлгани фахр билан қайд этилди.

Корея бош вазир ўринбосари Ким Донг Ён

Туркиялик ишбилармонлар ҳам Ўзбекистонга визасиз ташриф буюрган илк сайёҳлар қаторида бўлишганини мамнуният билан таъкидлашди ва яратилаётган имкониятлар учун миннатдорчилик билдиришди.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини ривожлантириш учун қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга мувофиқ, 2018 йилнинг 10 февралидан эътиборан Туркия, Япония, Корея Республикаси, Малайзия, Индонезия, Сингапур ва Исроил фуқароларига 30 кун давомида мамлакат ҳудудида визасиз ҳаракатланиш имкони тақдим этилади. Бундан ташқари, яна кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун виза режими соддалаштирилди.

Мавзуга оид