Ўзбекистон | 11:18 / 13.02.2018
16614
5 дақиқада ўқилади

Жиноят иши протест берилмай назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин

Фото: Fotolia

29.01.2018 йилдаги ЎРҚ–463-сон Қонун билан жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби бирмунча ўзгартирилди. Жиноят-процессуал кодексга тегишли тузатишлар «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 1.04.2018 йилдан кучга киради. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.

Бугунги кунда янги очилган ҳолатлар муносабати билан фақат прокурорнинг протести бўйича иш назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин. Бунинг учун тўртта асос ЖПКнинг 522-моддасида кўрсатилган. Улардан учтаси ҳақиқат қарор топишига халал берган жиноий қилмишлардир. Улар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланади. Яъни ЖПКнинг 522-моддаси 1-3-бандларидакўрсатилган ҳолатларнинг ҳар бири бўйича прокурор янги жиноят ишини қўзғатади, у мустақил равишда тергов қилинади ва кўриб чиқилади. Улар бўйича чиқарилган ҳукм ушбу ҳолатлар таъсир ўтказган биринчи ишни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади. Тўртинчи асос (ЖПКнинг 522-моддаси 4-банди) прокурор томонидан мустақил равишда ёхуд унинг топшириғига кўра терговчи ёки суриштирувчи томонидан тергов қилинади.  

Якунларга кўра, назорат тартибида қайта кўриб чиқилаётган иш судга йўлланади. Унга прокурор протести ва, қайта кўриб чиқиш асосларига қараб, қонуний кучга кирган ҳукм нусхаси (ЖПКнинг 522-моддаси 1-3-бандлари бўйича) ёки тергов материаллари (ЖПКнинг 522-моддаси 4-банди бўйича) илова қилинади.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб янги очилган ҳолатлар муносабати билан қуйидаги жараён иштирокчиларининг шикояти бўйича ҳам жиноят иши назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин:

• маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг;
• жабрланувчининг ёки унинг вакилининг;
• фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг ва уларнинг вакилларининг – фуқаролик даъвосига тааллуқли қисмида;
• суд томонидан оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг ва қонуний вакилининг – оқлаш важлари ва асослари қисмида.

Бунда амалдаги тартиб бекор қилинмайди ва ишлашда давом этади. Шу тариқа, янги очилган ҳолатлар муносабати билан ишни қайта кўриш иккита сценарий бўйича: прокурор томонидан протест берилиши воситасида ёхуд прокурор томонидан протест берилмасдан жараён иштирокчисининг шикояти бўйича амалга оширилиши мумкин.

Назорат тартибидаги шикоятда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1 – у йўлланаётган суднинг номи. Вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари устидан – Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига; Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция ёки кассация ёхуд назорат тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича Олий суднинг Раёсатига назорат тартибида шикоят қилинади.
2 – шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки турган жойи тўғрисидаги маълумотлар.
3 – ҳукмни чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят қилинаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар.
4 – шикоят берган шахснинг унинг фикрига кўра ҳукмнинг ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги борасидаги важлари ва унинг илтимосининг моҳияти.
5 – аризачи ўз талабларини асослаётган ва назорат инстанцияси суди томонидан текширилиши лозим бўлган далиллар.
6 – шикоятга илова қилинаётган материалларнинг рўйхати. Назорат тартибида берилган шикоятга иш бўйича қабул қилинган, суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини илова қилиш зарур.
7 – шикоят берилган сана ҳамда уни бераётган шахснинг имзоси.

Назорат тартибидаги шикоят унга илова қилинган материаллар билан бирга Олий суднинг судьяси томонидан ўрганиб чиқилади. Зарур бўлган ҳолларда у жиноят ишини ҳам талаб қилиб олишга ҳақли. Шикоятни кўриб чиқиш муддати – бир ойгача, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса – 2 ойгача.

Судья томонидан чиқарилган ажрим ҳақида (ишни қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида ёхуд шикоятни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида) шикоят берган шахсга 3 кунлик муддатда хабар қилинади.

Мавзуга оид