Ўзбекистон | 16:29 / 14.02.2018
29416
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ўтган Бобур таваллуд кунига бағишланган флешмобда вилоят ҳокими ҳам рубоий ўқиди

Башарият тарихида давлат арбоби, шоҳ, саркарда ва истеъдодли шоир сифатида из қодирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир.

14 февраль санаси эса Ўзбекистонда шоир таваллуд топган кун сифатида кенг нишонланади. Андижон вилоятида ҳам ушбу сана муносабати билан меҳнат жамоалари, таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Боғишамол даҳасидаги Боғи Бобур мажмуасида чет эллардан ташриф буюрган олимлар иштирокида шоир ижодига бағишланган илмий конференция, Бобур номли вилоят драма театрида “Назм ва наво” кечаси ўтказилади.

Андижон вилоят ҳокимлиги шоҳ ва саркарда таваллуд куни олдидан унинг номи билан аталувчи хиёбонда ўзига хос тадбир ташкил қилди.

Ўнга яқин Бобур сиймосидаги актёрлар унинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқишди.  

Шоирнинг эл ичида машҳур бўлган асарларини турли касб эгалари ўз иш жойларида ўқиб берганлиги акс этган видеолавҳалар ҳафта давомида вилоят телевидениеси орқали намойиш этилиб, кенг жамоатчилик йиғилган хиёбондаги флешмобда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам ушбу видеоролик учун шоир рубоийларидан бирини ўқиди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар Бобур рубоийларидан ёддан айтишди.

 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон       

Мавзуга оид