Спорт | 14:10 / 15.02.2018
13700
5 дақиқада ўқилади

Мане, Салоҳ ва Фирмино «Порту»ни нокаут қилди

«Ливерпуль» Европа чемпионлар лигасида кейинги босқич масаласини амалда ҳал қилди.

Чемпионлар лигаси, 1/8 финал. Биринчи ўйин
ПОРТУ - ЛИВЕРПУЛЬ - 0:5 (0:2)
Голлар: Мане, 25 (0:1). Салоҳ, 29 (0:2). Мане, 53 (0:3). Роберто Фирмино, 69 (0:4). Мане, 85 (0:5).
Порту: Жозе Са, Рикарду Перейра, Рейес, Маркано, Теллес, Марега, Эррера, Сержиу Оливейра, Отавиу (Корона, 46), Браими (Уорис, 62), Соарес (Гонсалу Пасьенсия, 74).
Ливерпуль: Кариус, Александр-Арнолд (Гомез, 79), Ловрен, ван Дейк, Робертсон, Милнер, Хендерсон (Матип, 75), Вейналдум, Салоҳ, Роберто Фирмино (Ингс, 80), Мане.
Жавоб ўйини - 7 март.

9 йил йўлда
«Биз кўп вақтдан буён Чемпионлар лигаси плей-оффида бўлмадик. Менинг давримда гуруҳдан чиқиш оддий ҳол эди, аммо кейин ҳаммаси ўзгарди». «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Жейми Каррагернинг гапида жон бор. Мерсисайдликлар турнирнинг баҳорги қисмида иштирок этишни 9 йил кутишди. Инглизлар жамоаси охирги марта 2008-09 йилги мавсумда ЕЧЛнинг плей-офф босқичида ўйнаган, ўшанда «Реал» сафарда 1:0, «Энфилд»да 4:0 ҳисобида мағлуб этилиб, жамоа чорак финалга чиққанди. Аммо чорак финалда «Челси»га қарши драматик баҳслардан кейин (биринчи ўйинда лондонликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган, жавоб учрашувида «Ливерпуль» 4:2 ҳисобида олдинга чиқиб олган, аммо ўйин 4:4 ҳисобида якунланганди). Шундан кейин йиллар ўтди, жамоада 5 марта мураббий ўзгарди (Бенитес, Ҳожсон, Далглиш, Рожерс ва Клопп). Фақат германиялик мутахассис «Ливерпуль»ни гуруҳ босқичидан олиб чиқа олди.

«Аждаҳо тоши»
«Драгау» ўйингоҳида «Порту» мухлислари кўп марта ЕЧЛнинг февралги ўйинларини томоша қилишган. Жамоа ўтган 9 йил ичида 5 марта гуруҳдан чиққан, баҳорги ўйинларда икки марта иштирок этган. Статистика нуқтаи назаридан «Ливерпуль» учун «Драгау»дан «Аждаҳо тоши»ни олиб қайтиш қийин вазифа эди. Қолаверса, Сержиу Консейсау шогирдлари бу ўйинга қадар 24 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этаётганди. Буни ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Клопп ҳам қайд этиб ўтди: «Ҳеч кимга «Порту»дек рақибни раво кўрмасдим. Бу еврокубокларда тобланган тажрибали ва маҳоратли футболчилардан иборат жамоа».

Сафарда ҳам ўз уйингдагидек
Португалияда ҳаво ҳарорати йилнинг бу даврида худди Англиядаги каби бўлади. Бу ўйин вақтида ҳам «Драгау»да ёмғир ёғиб турди ва инглизлар ўзларини худди ўз уйларидагидек ҳис қилишлари мумкин бўлди. Биринчи бўлимнинг баъзи қисмларида меҳмонлар тўпга эгалик қилиш бўйича мезбонларни икки баробар ортда ҳам қолдиришди. 

Январь ойида мерсисайдликлар бразилиялик афсунгар Коутиньони йўқотди, аммо Фирминьо, Салоҳ ва Мане каби жангчилар таркибда. Бу учлик мавсумда биргаликда 58 гол урган. Улар «Драгау»даги оқшомда ҳам қаҳрамон бўлишди.

Ғалаба учун 5 дақиқа кифоя
Биринчи бўлимнинг 5 дақиқалигида меҳмонлар жамоасининг сенегаллик ва мисрлик футболчилари биттадан гол уришди ва «Ливерпуль»нинг жавоб ўйини олдидан устунликка эга бўлишини кафолатлашди. Вейналдумнинг индивидуал ҳаракатларидан кейин тўп бўш турган Манега келиб тушди ва у узоқ масофадан дарвозани ишғол этди.

Салоҳ эса Милнернинг қанотдан узатган тўпини ўзига бўйсундирди ва ҳимоячилар ҳамда дарвозабонни доғда қолдирди.

Аммо «кучли учлик»ни бу кеча тўхтатиб бўлмасди, иккинчи бўлим бошланишидан 10 дақиқа ўтиб, Фирминьо берган зарбани дарвозабон қайтаргач, тўпга биринчи бўлиб Мане етиб келди - 3:0.

Яна бироз ўтиб эса бразилиялик футболчининг ўзи ҳам дарвозани ишғол қилди ва номини таблога ёздирди. Унинг бу голни нишонлаши ва унга Маненинг қўшилиши ижтимоий тармоқда мемга айланиб кетди.

Мерсисайдликлар рақибни камситишда давом этишди, нокдаун ҳолатидаги «Порту»ни ўйин охирида Мане нокаут ҳолатига туширди. Узоқ масофадан дарвоза тўрини ишғол этган сенегаллик ҳужумчи ҳет-тригини нишонлади - 5:0.

«Ливерпуль» Чемпионлар лигасида охирги ўйинларида 12та жавобсиз гол урди. Умуман, мерсисайдликлар клуби турнирнинг жорий мавсумида ўртача самарадорлик бўйича энг яхши натижани қайд этмоқда. «Ливерпуль» ҳар ўйинда ўртача 4тадан гол урмоқда.

«Аждаҳо тоши» олинди ва парчалаб ташланди. Португалияликлар жамоасининг мағлубиятсиз серияси аянчли якунга эга бўлди. «Ливерпуль» эса 9 йил ўтиб ниҳоят баҳорда ҳам Чемпионлар лигасида ўйнаши ойдинлашмоқда. Бир ҳафтадан кейин Англияда ўтказиладиган жавоб учрашуви қуруқ расмиятчилик мақомида бўлади.

Мавзуга оид