Спорт | 18:20 / 15.02.2018
9330
10 дақиқада ўқилади

Дортмунд, Марсель ёки Неаполь?: Куннинг асосий ўйинлари анонси

Ниҳоят еврокубоклар катта саҳнага қайтди ва сўнгги икки кун давомида Европанинг энг кучли клублари ўз ўйинлари билан томошабинларга завқ улашишди. Бугун эса, иккинчи мақомдаги турнир бўлмиш Европа Лигасида 1/16 финал дастлабки ўйинлари бўлиб ўтади.

Бу йилги Европа Лигаси жуда қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Сўнгги йилларда Чемпионлар Лигасининг кучли жамоалари саналган «Атлетико», «Боруссия», «Арсенал», «Наполи» ва яқин ўтмишнинг энг кучли клубларидан бири «Милан» каби клублар бу соврин учун баҳсга киришади. 16 жуфтликка сочилиб кетган бу жамоаларни дарров пайқаш қийиндек кўринади. Аммо бу босқичда ҳам алоҳида эътиборга молик жуфтликлар борки, «Tribuna.uz» бу тўқнашувлар ҳақида фикр юритади.

БОРУССИЯ ДОРТМУНД (Германия) – АТАЛАНТА (Италия)

Кучли бешлик чемпионатлари етакчи жамоаларининг ўзаро ўйинларини кўп кузатамиз. Аммо ушбу лигаларни солиштиришда ўртамиёна жамоаларнинг бундай тўқнашувлардаги натижаси ҳар томонлама қизиқ бўлса керак.

«Аталанта» номини Европа миқёсдаги турнирларида деярли эшитмаган бўлсак-да, А Серия ишқибозлари учун бўш ном эмас. Албертинидан тортиб ака-ука Индзагиларгача, Вьеридан тортиб, Донадонигача ушбу жамоа орқали футболга кириб келган. Машҳур Клаудио Канижжа ҳам уч йил «Аталанта» либосида майдонга тушганини кўпчилик эсламаса керак.

Бергамоликлар миллий чемпионатда ўтган йилги натижаларини такрорлай олмаётган бўлишса-да, Европа Лигаси гуруҳ босқичида кўпчиликни ҳайрон қолдиришди. «Лион», «Эвертон» каби кучли жамоалар жойлашган гуруҳда 1-ўрин қўлга киритилди. Айниқса, инглизлар устидан ҳар икки ўйинда қозонилган йирик ғалабани алоҳида эътироф этиш лозим.

Питер Бош қўл остида мавсумни жуда кучли бошлаган «Боруссия» эса, барибир чемпионлик учун кураша олмайди, бу дегани, соврин ютиш учун бу турнир жуда аҳамиятли бўлиб қолади. Агар «Боруссия» ўзини ўнглай олмаса, кучли тўртлик учун ҳам имкониятини пасайтириб юбориши мумкин. Европа Лигаси эса, келаси мавсумда ЕЧЛда қатнашиш учун яна бир имконият.   

НИЦЦА (Франция) – ЛОКОМОТИВ (Россия)

Легионерларимизнинг ўйинларини диққат билан кузатадиган мухлислар учун жуда қизиқарли жуфтлик. Ҳамюртимиз Виталий Денисов «темирйўлчилар» сафида етакчи ҳимоячилардан бирига айланган ва еврокубоклар Денисов учун жуда яхши тажриба вазифасини ўтаб беради.

«Локомотив» Россия чемпионатида жуда ишончли ҳаракат қилди ва қишки танаффусга 8 очколик фарқ билан пешқадам сифатида чиқиб кетди. Жамоанинг аср бошларидаги нуфузини қайта тиклаш йўлида жиддий қадамлар ташланганини пайқаш осон.

«Ницца» ўтган мавсумда, орадан 40 йил ўтиб, Франция чемпионлиги учун курашиб кўрди, аммо «Монако» ва «ПСЖ»нинг тажрибалироқ экани, ниццаликларга «Монпелье»нинг қаҳрамонлигини такрорлаш имконини бермади. Аммо Европа Лигасида Лусьен Фавр шогирдларида узоқроққа бориш имконияти мавжуд. Жамоа етакчиси юқорида тилга олинган футбол юлдузлари эмас, 26 ёшли Жан Мишель Сери ҳисобланади. Уни ёзда ҳатто «Барселона» ўз сафида кўрмоқчи бўлган, трансфер қиймати 40 миллион евро деб баҳоланганди. Аммо бу трансфер амалга ошмади, энди эса, ушбу ҳужумкор ярим ҳимоячига «Манчестер Сити» қизиқиб қолган.   

НАПОЛИ (Италия) – РБ ЛЕЙПЦИГ (Германия)

Бу жуфтлик айнан ушбу мавсумда Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида ҳам дуч келишлари мумкин эди. Ҳар икки жамоа мавсумни Чемпионлар Лигасида бошлаган ва сўнгги турларгача имкониятини сақлаб турганди. Аммо сўнгги турда деярли очко керак бўлмаган «Манчестер Сити» ва «Монако» ушбу икки жамоанинг рақибларига имкониятни бой беришди.

А Серия ғолиблиги учун курашаётган «Наполи» учун балки Европа Лигасида қатнашиш ортиқча бўлар, аммо биз неаполликларнинг бошқача ўйнай олмасликларини жуда яхши биламиз. Кутиш мумкинки, жамоа ўз мухлислари қаршисида ярим куч билан ўйнамайди.

Услуб жиҳатидан ҳар икки жамоа бир-бирига ўхшаш – ҳужумкор, тезкор ва юқори прессингга асосланади. «РБ Лейпциг» ўтган йилги натижалар тасодиф эмаслигини исботлашда давом этмоқда ва Бундеслига «Бавария»га энг яқин бўлган жамоа бўлиб турибди. Клуб ўтган мавсумдаги деярли барча етакчиларини ўз сафида сақлаб қола олгани таҳсинга сазовор. Демак, Забитцер, Варнер, Кейта, Форсберг каби футболчилар келаси ёзда топ клубларга ўтиш олдидан ўзларини жуда яхши реклама қилиб олишлари учун Европа Лигаси айни муддао.    

ОЛИМПИК ЛИОН (Франция) – ВИЛЬЯРЕАЛ (Испания)

2015/16 йилги мавсумда «Вильярреал» ушбу турнир ярим финалида «Ливерпуль»га имкониятни бой берганди. Ўтган мавсумда эса, «Лион» худди ўша босқичда «Аякс» қаршилигини енга олмади ва финал остонасида қолиб кетди.

Яъни, бу жамоаларнинг Европа Лигасининг доимий фаворитлари қаторида тилга олиш мумкин. Айниқса, «Лион» сўнгги икки йилда олдинга жуда дадил қадамлар ташламоқда ва Франция  чемпионатидаги беқарор клубдан «ПСЖ»нинг энг яқин таъқибчиси мақомига жуда тез суръатларда етиб келди. Мариано Диас, Набил Фекир ва балки Мемфис Депай кейинги мавсумда Лиондан учирма бўлиши мумкин.

Ҳар икки жамоа ҳолатини қайсидир маънода юқорида тилга олинган «Боруссия» ҳолатига ўхшатса бўлади. Ички фронтларда «Лион»га ҳам, «Вильяреал»га ҳам нон йўқ. Боши узра бирор соврин кўтариш учун эса, бу турнир айни муддао.

Шунингдек, «Вильяреал»нинг Испания чемпионатида кучли тўртликдан анча ортда қолганини ҳам таъкидлаш керак. Яъни жамоа фақат Европа Лигаси орқали келаси мавсумда ЕЧЛда қатнашиш йўлланмасини қўлга киритиши мумкин.

СПАРТАК (Россия) – АТЛЕТИК (Испания)

Негадир руслар Россия чемпионига қуръа омадли келганини баралла айтмоқда ва асос сифатида «Атлетик»нинг Испания чемпионатидаги беқарор натижаларини келтирмоқда. Ла Лиганинг кучлироқ саналган жамоаларидан бири «Севилья» устидан 5:1 ҳисобида қозонилган ғалаба балки «Спартак»нинг кучини муболағалаштириб юборгандир.

Аммо беш йил олдин Европа Лигаси финалигача етиб борган, Испанияда тез-тез Қироллик кубоги финалига чиқиб турадиган бильбаоликлар айнан кубок ўйинларида жуда хавфли эканини эътироф этиш керак. Умуман испан жамоалари, айниқса, «Атлетик» каби ўртамиёна бўлса, баҳорни бутунлай Европа кубокларига бағишлашни яхши кўришади. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда Испания чемпионатида ўртада қолиб кетган «Сельта» бор эътиборини Европа Лигасига қаратган ва Лига ўйинларида иккинчи таркибни тушириб юраверган. Оқибатда виголиклар «Манчестер Юнайтед»га қанчалик хавф туғдирганликлари ва финалга жуда яқин келганини эслаш кифоя.

«Атлетик» ҳам худди ўша сериядан. Россия клублари танаффусга чиқиб кетганликлари ва февраль ойида оптимал спорт формага киришга улгурмай қолишларини ҳам эътиборга олсак, бу жуфтликда «Атлетик»нинг имкониятларини янада ошириб баҳолаш мумкин.

Нима бўлганда ҳам, бу жуфтлик кўришга тавсия этиладиган жуда қизиқарли баҳс бўлишини ишончимиз комил.

«Арсенал» ҳужумчиларсиз

«Канонирлар» устози Арсен Венгер Швециянинг «Эстерсунд» клубига қарши ўйинга асосий таркибни туширишни ваъда қилди. Аммо у жамоа асосий форвардлардан айрилганини ҳисобга олмасдан бу гапни гапирди. Ляказетт жароҳат туфайли 6 ҳафтага сафдан чиқди, Обамеянг заигра «Боруссия» таркибида Чемпионлар лигасида ўйин ўтказиб бўлгани учун Европа Лигасида майдонга туша олмайди. Яна икки ҳужумчи – Уолкотт ва0 Жиру – «Арсенал»ни январь ойида тарк этишган. Шундай экан, Венгерда фақат бир ҳужумчи қолмоқда – Уэлбек.

Арсен Венгер энди Обамеянг ўйнай олмаслиги туфайли УЕФА қоидаларига эътироз билдирмоқда: «Менимча барча клублар мен билан ҳамфикр бўлади. Бу қоидани бекор қилмоқ керак. Бугунги кундаги трансферлар нархига эътибор қаратсак, мавсум ўртасида 50 ёки 60 млн евро сарфлаб сотиб олинган футболчилар жамоага ёрдам бера олмайди. Бунда қандай маъно бор».

Юзага келган бу вазият «Арсенал»га кейинги раундга чиқишга халал бермайди, аммо «Эстерсунд»да кўплаб голлар ўтказмаслик имкони пайдо бўлган.

БАРЧА ЎЙИНЛАР

20:00 Астана - Спортинг Л 

22:00 Эстерсунд - Арсенал

22:00 Лудогорец - Милан

22:00 Реал Сосьедад - Зальцбург

22:00 Спартак М - Атлетик

22:00 Ницца - Локомотив М

22:00 Боруссия Д - Аталанта

22:00 Марсель - Брага

00:05 Партизан Б - Виктория Пльзень

00:05 Лион - Вильярреал

00:05 Наполи - РБ Лейпциг

00:05 Селтик Глазго - Зенит

00:05 АЕК - Динамо Киев 

00:05 Копенгаген - Атлетико Мадрид

00:05 Стяуа - Лацио

Црвена Звезда – ЦСКА ўйини 13 февраль куни бўлиб ўтган ва 0:0 ҳисоби қайд этилган.

Мавзуга оид