Фан-техника | 01:15 / 16.02.2018
15884
2 дақиқада ўқилади

Япон гиперкари рекорд даражада тезлашди (видео)

Aspark япон компаниясининг электр гиперкари Owl Тотиги префектурасидаги синов майдонида 100 км/соат тезликка 1,921 сонияда эриша олди ва энди ҳақли равишда дунёдаги энг тезкор серияли автомобил номига даъвогарлик қилмоқда.

Owl гиперкари 850 от кучига эга Dodge Challenger SRT Demon ва Нюрбургрингнинг энг тезкор электрокари, 1360 от кучига эга Nio EP9’ни ортда қолдирди. Бу машиналар мос равишда дастлабки “юзталикка” 2,3 сония ва 2,7 сонияда эриша оладилар.

Owl гиперкари двигатели кучи 1000 от кучидан ошади. Моторларни ҳаракатлантириш учун нафақат аккумуляторлар, балки қисқа муддатли тезлашишларда ёрдам берувчи суперконденсатордан фойдаланилади. Машинанинг оғирлиги 850 кгни, баландлиги 99 смни ташкил қилади.

Ушбу гиперкар устида ишлар 2014 йилдан бери япон консалтинг компаниясининг бир неча ходими томонидан олиб борилган. Прототипнинг илк намойиши 2017 йил кузида Франкфуртдаги автосалонда бўлиб ўтган. Кўргазмага қўйилган машина умумий кучи 435 от кучини ташкил қилувчи иккита электромотор билан жиҳозланган. 

Aspark компанияси Owl’дан бор-йўғи 50 дона ишлаб чиқармоқчи. Бир дона Owl 460 млн иен (ёки 4,3 млн доллар) нархда сотилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид