Жаҳон | 12:31 / 16.02.2018
10218
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда Ким Чен Ирнинг таваллуд куни нишонланмоқда  

Фото: РИА Новости / Сергей Гунеев

Шимолий Кореяда Йўл кўрсатувчи юлдуз куни давлат байрами – собиқ давлат раҳбари, амалдаги етакчи Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ирнинг таваллуд куни нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ким Чен Ин отаси ҳайкалига гуллар қўйиш учун 16 февралга ўтар кечаси Пхеньяндаги “Кимсусан” мақбарасига келди.

Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, Ким Чен Ин отаси Ким Чен Ир ва бобоси – Шимолий Кореянинг биринчи раҳбари Ким Ир Сеннинг жасадлари сақланувчи “Кимсусан” мақбарасига юқори лавозимдаги сиёсий арбоблар ва ҳарбий доиралар вакиллари билан ташриф буюрган.

Мақбарада Шимолий Кореянинг собиқ етакчиларига ўрнатилган ҳайкаллар пойига ҳарбий қоровул томонидан гулдасталар қўйилган.

Ким Чен Ир 2011 йил охирида вафот этган, ҳозир у 76 ёшга тўлган бўларди. Ким Чен Ин ҳокимиятни отасидан мерос қилиб олган, отасига эса ҳокимият бобоси Ким Ир Сендан 1994 йилда ўтган. Ушбу давлатда олий раҳбарият отадан ўғилга мерос бўлиб ўтади, чунки ўғил ҳеч қачон отаси васиятларини бузмайди, деб ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид