Жаҳон | 19:00 / 18.02.2018
5578
2 дақиқада ўқилади

Туркия Тиллерсоннинг ташрифидан сўнг АҚШ ўз ваъдасида туришига умид қилмоқда

Фото: AP

Анқара АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Туркияга   ташрифидан сўнг ўз ваъдасида туришига умид билдирмоқда. Бу ҳақида якшанба куни Мюнхендаги Хавфсизлик конференциясида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли маълум қилди.  

"Сурия масаласида шерикларимиз билан қарашларимизда номувофиқликлар бўлиши керак эмас. Биз АҚШ билан муайян келишувларга эгамиз ва Рекс Тиллерсоннинг ташрифи давомида у билан шу ҳақида гаплашганмиз. Биз АҚШ бу сафар бизга берган ваъдаларини бажариши керак, деб ҳисоблаймиз", - деди у.

Човушўғли америкаликларнинг Сурияда "Халқ мудофаа кучлари" (ХМК) отрядлари билан биргаликда ИШИДга қарши курашини ножоиз деб атади, зеро Анқара ХМКни Курдистон ишчилар партиясининг тармоғи деб ҳисоблайди. 

"Биз Раққада улар ўртасида битим тузилганини кўрдик. Ҳозир ХМК ИШИД билан бирга Туркияга қарши чиқмоқда. Мана иттифоқдошларимиз қандай одамлар билан ҳамкорлик қилишмоқда. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди", - дея таъкидлади Човушўғли. 

12 февраль куни у Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар "ё тикланиши, ёки буткул узилиши" мумкинлиги ҳақида айтганди.

Тиллерсон 15-16 февраль кунлари Туркияга расмий ташрифи давомида Човушўғли ва президент Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Ташриф якунларига кўра, Анқара ва Вашингтон "икки томонлама муносабатларнинг нормаллашуви ҳақида келишиб олгани" маълум қилинди. Қўшма баёнотда қайд қилинишича, Туркия ва АҚШ Сурияда қатор террорчи гуруҳлар, шу жумладан ИШИД ва Курдистон ишчилар партияси билан курашни давом эттиради.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид