Жамият | 08:21 / 18.02.2018
7138
1 дақиқада ўқилади

Уэльсда футбол учрашуви ер силкиниши сабабли тўхтатиб турилди

Уэльс чемпионати доирасида “Порт Толбот” ва “Таффс Велл” жамоалари ўртасида кечган ўйинда ноодатий ҳолат юз берди. Гап шундаки, учрашув вақтида ер силкиниши юз берган ва шу сабабли ўйинни у ўтиб кетгунча тўхтатиб туришга қарор қилинган.

Таъкидланишича, учрашув ўтган Порт-Толбот шаҳри зилзила ўчоғидан 20 км узоқликда жойлашган. Зилзила магнитудаси 4,4 ни ташкил қилган. Зилзила маркази Уэльснинг Суонси шаҳридан 20 км шимолда бўлган.

Воқеадан бир неча дақиқа ўтгач, учрашув давом эттирилган ва мезбон жамоанинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Зилзила оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

17 февралда Буюк Британияда 4,4 магнитудали зилзила қайд қилинди. Британия геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила мамлакатда охирги ўн йилликда қайд қилинган энг кучли зилзила бўлган. Бундай кучдаги охирги зилзила 2008 йилда қайд қилинган ва унинг магнитудаси 5,2 ни ташкил қилган. 

Мавзуга оид