Жаҳон | 21:21 / 20.02.2018
20816
3 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия ҳудудида нега ҳарбий амалиёт бошлаган?

Фото: Wall Street Journal

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башшар Шен турк ҳарбийлари томонидан Сурия шимолидаги Африн ҳудудида олиб борилаётган «Зайтун новдаси» амалиётига изоҳ берди. Унинг Kun.uz мухбирига айтиб беришича, Туркия ҳарбийлари Сурия суверенитети ва яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда, Африндаги террорчи YPG ва PDY гуруҳларига қарши кураш олиб бормоқда.

«​Туркияда ҳеч қандай этник, миллий ё диний камситилишга йўл қўйилмайди», дейди элчи​. 

Унинг таъкидлашича, кенг жамоатчиликка етказиб берилаётган хабарларда курдларнинг номи ноҳақ қўлланавериши расмий Анқарани ташвишга солади.

«​Биз курдларга ҳеч қачон ўзгача кўз билан қарамаганмиз. Улар ҳам тинчликни севиб, фақат ижобий ўзгаришларни истайдиган халқнинг бир бўлаги. Туркиянинг Сурия ҳудудидаги Африн ерларида олиб бораётган «Зайтун новдаси» амалиёти ҳеч қанақасига курдларга қарши қаратилган ҳарбий қадам эмас. Ҳукумат ўз халқи ва мамлакатини ҳимоя қилиши, мудофаа мақсадида ҳарбий амалиётлар олиб бориш ҳуқуқига эга. Айни ҳаракатлар ҳам буни исботлайди: биз мамлакат чегарасида вазият издан чиққани учун бир тўхтамга келдик. Сурияга туташ чегарамизда «Фрот қалқони» амалиёти ўтказилди. Эндиликда Курдистон ишчилар партияси террорчиларининг Суриядаги гуруҳларини зарарсизлантириш учун Афринда ҳарбий амалиёт бошланди.

Қисқа муддатда террорчилар ракетали ва қуруқликдан туриб 52 марта Туркияга ҳужум қилганди. Уларнинг бадкор ҳаракати билан чегарада яшайдиган қарийб 3,5 миллион киши ўз уйини тарк этиб Туркия қочиб ўтган»​, дейди у.

Расмий маълумотга кўра, 1715 нафар террорчи «Зайтун новдаси» амалиёти давомида йўқ қилинган. Шунингдек, амалиётлар давомида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлмагани қўшимча қилинган.

«Биз амалиётни олиб бораётганимизга қарийб бир ой бўлмоқда. Шу вақт давомида Африннинг сезиларли қисмига кириб бормадик, албатта, Туркия Мудофаа кучлари тезлик билан амалиётни тугатиш қудратига етади. Аммо, тинч аҳоли вакилларига зиён етказмаслик учун барча имкониятдан фойдаланяпмиз», дейди жаноб Шен.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилининг айтишича, ушбу ҳарбий амалиётда маҳаллий аҳолига зиён етказмаслик зарурати туфайли кичик тўқнашувнинг ўзида 12 нафар турк аскари вафот этди.

«Туркиянинг мазкур ҳаракатини NATO Бош котиби ҳам қўллаб-қувватлайди, аммо ташкилотдаги баъзи иттифоқдошларнинг синиқ овози ҳам эшитилиб турибди. Туркия ҳар қандай овозга муносиб жавоб қайтариб келмоқда. Ўйлайманки, бу борада ғарб давлатларининг фикри бизникидан фарқ қилмайди», дейди элчи.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Туркиянинг Африндаги ҳарбий амалиётига жиддий муносабат билдирганди. Бунга жавобан расмий Анқара АҚШ элчихонаси жойлашган пойтахт кўчаларидан бири номини айнан «Зайтун новдаси» номига ўзгартирди.

Мавзуга оид