Ўзбекистон | 16:05 / 20.02.2018
14826
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасида Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Мудофаа саноати комплексини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мудофаа-саноат комплексини ривожлантиришга белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлари;

б) Қўмитага тўланадиган воситачилик ҳақи, жумладан:

қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника етказиб бериш, ҳарбий-техник хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган импорт контракт (воситачилик шартномаси) қийматининг 1 фоизи;

мудофаа саноати комплекси корхоналари ишлаб чиқарган ҳарбий ва икки хил мақсадда ишлатиладиган маҳсулотларни сотиш бўйича тузилган импорт контракт (воситачилик шартномаси) қийматининг 1 фоизи;

бўшайдиган ҳарбий-техник мулкни ташқи бозорга сотиш бўйича тузилган контракт қийматининг 30 фоизи;

в) Қўмита томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган фаолият соҳаларини лицензиялашдан тушадиган маблағларнинг 100 фоизи, шу жумладан қайд этилган мақсадлар учун тегишли вазирлик ва идораларнинг харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджет маблағлари;

г) Қўмита таркибига кирадиган ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда миқдори белгиланадиган ажратмалари;

д) шартнома (контракт) мажбуриятларини бузганлиги учун юридик шахслардан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар миқдорининг 100 фоизи;

е) жамғарма бўш маблағларини ликвидли молия воситаларида (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва бошқалар) вақтинча жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

ж) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари:

мудофаа саноати комплексини қўллаб-қувватлаш, унинг салоҳиятини ривожлантириш ва ошириш, шунингдек, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга;

қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мулкни ишлаб чиқиш ҳамда модернизациялаш тадбирларини молиялаштиришга;

мудофаа саноати соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга;

ҳарбий ва икки хил мақсадда ишлатиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш, йўқ қилиш ва қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга ошириш учун экспертлар, шу жумладан халқаро мутахассислар ишини ташкил этишга;

Қўмита кадрларини, жумладан, хорижий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларига;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар делегацияларининг Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этишга;

семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар, Қўмитанинг профилактика ва бошқа тадбирларини ўтказишга;

Қўмита ходимларининг мамлакат ичида ва ташқарисида хизмат сафарларида бўлиш харажатларини тўлашга;

Қўмита ахборот-коммуникация технологияларига хизмат кўрсатиш ва уларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини амалга оширишга;

Қўмитанинг Ташқи иқтисодий фаолият департаменти ходимларини таъминлашга;

Қўмита ижро этувчи аппарати ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга;

Қўмита ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга;

Қўмита фаолиятини яхшилашга қаратилган тадбирларга;

Қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари билан қопланмаган жорий харажатларига йўналтирилади.

Жамғарма маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мутасадди ўринбосарлари билан келишилган ҳолда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Жамғарманинг 25 фоиздан ортиқ бўлмаган маблағлари Қўмита ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилади.

Жамғарманинг Қўмита раиси раҳбарлик қиладиган Кенгаши Жамғарма маблағларини бошқариш органи ҳисобланади.

Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Қўмита, унинг идоравий мансуб ташкилотлари вакилларидан шакллантирилади ва Қўмита ҳайъати томонидан тасдиқланади.

Жамғарма кенгашининг мажлислари ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади. Зарурат бўлганда, Жамғарма кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ҳам чақирилиши мумкин. Жамғарма Кенгаши мажлислари уларда Кенгашнинг камида уч аъзоси иштирок этганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.

Жамғарманинг келгуси йил учун даромад ва харажатларининг прогноз кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мутасадди ўринбосари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

Жамғарма маблағлари Қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бўлинмаларида очиладиган банк ҳисобрақамлари орқали сарфланади. Жамғарма харажатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бўлинмалари томонидан Қўмитанинг тўлов топшириқномаси асосида тўланади.

Мавзуга оид