Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зоминдаги қадимий қўрғон қолдиқлари йўқ қилиниш хавфи остида. Бу бузғунчиликда ҳоким ва мутасаддилар бош-қош
Таҳририятимизга Жиззах вилояти Зомин тумани марказида жойлашган қадимий «Қўрғонтепа» қалъасини сақлаб қолишни сўраб, тумандаги тарихчилар мурожаат қилишди. Биз Kun.uz журналистлари — съёмка гуруҳи воқеа билан яқиндан танишиш учун Зомин шаҳрига йўл олдик...
Тан олиш керак, бугунги Зомин мутлақо янги қиёфа касб этган. Шаҳар ичидаги йўллар равон, шаҳардаги иморатлар замонавий қиёфада жилоланиб турибди.
Хатда кўрсатиб ўтилган тепалик шундоққина туман марказий бозорининг ёнгинасида— шаҳар марказида қад кўтарган. Бир вақтлар бутун Осиёда куч-қудрати, иқтисодиёти, салоҳияти билан машҳур бўлган кўҳна Уструшона давлатининг энг кўзга кўринган вилоятларидан саналган Зомин тарихда «Сарсанда», «Сусанда», «Сабза» номлари билан аталганини ҳамма ҳам билмаса керак.
Қадимги Зомин борасида тадқиқот ўтказган археолог олимларга кўра, «Қўрғонтепа» номи билан машҳур бу ёдгорлик эрамиздан аввалги II, эрамизнинг VI–VII ва XII асрларда фаолият кўрсатган кўҳна Зомин шаҳри ўрдаси қолдиғи ҳисобланади. Унинг географик жойлашувлари, моддий-маданияти Уструшонанинг илк ўрта асрлари қишлоқ маконлари қурилиши учун характерлидир.
Совет тузуми даврида ушбу қўрғон консервация қилинган. Иморатлар ва қалъалар қуёш нури ва ёғингарчиликлар остида емирилмаслиги учун тупроқ билан кўмиб қўйилган — яхши даврлар келгунга қадар, албатта. Яъни, машъум совет даврида бир ҳаракат билан бу қадамий қўрғон қолдиқлари бульдозер билан суриб ташланса ҳам бўлар эди. Лекин нималарнидир ўйлаб ундай қилинмаган.
Қалъа кўмилгач, тепалик устига иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган зоминликлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилган. Бу жойда ёдгорлик қурилмасдан аввал ҳам бир томони кўҳна қабристонга туташ жойда каттагина — 1,5 га ҳудудни ўз ичига олган «Қўрғонтепа» 120х130 метр майдонда, баландлиги 8–10 метрга тенг икки ўрамли деворлар билан ўралган тарихий қалъа жойлашган эди. Бунга 1866 йилда суратга олинган тарихий фотосурат далилдир.
Туман ҳокимлигида бўлганимизда туман марказини ободонлаштириш масаласидаги қизғин йиғилиш устидан чиқдик. Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев, халқ депутати Эркин Холматов, туман архитектура ва қурилиш бўлими ва бошқа ташкилотлари мутасаддилари билан машварат авжида эди.
Биз келганимиздан муддао нелигини айтдик ва туман ҳокимининг бу борадаги тушунтиришлари билан қизиқдик. Бироқ, у камерага қарата гапиришни истамади. Туман ҳокими ва депутатнинг айтишича, лойиҳа республика юқори доираларида тасдиқланган, қўрғон бузилиб, ўрнида қурилиш ишлари амалга оширилади. Уларнинг иддаосига кўра, тепалик остида қўлга илингулик ҳеч нарса йўқ.
Лекин туман ҳокимлиги ва аризачиларга маданият вазирлиги, ЎзФА археология институти томонидан жўнатилган хатларда мажмуани асраб қолиш кераклигини бот-бот таъкидланган. (Ушбу хатлар таҳририят ихтиёрида бор).
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг бошқарма бошлиғи А.Иргашев имзоси билан Жиззах вилоят ҳокимлигига 2018 йил 8 февралда жўнатган хатига кўра, «II жаҳон урушида ҳалок бўлган зоминликлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик реконструкция қилиниб, унинг ўрнига миллий руҳдаги замонавий ёдгорлик мажмуаси, истироҳат боғи ва нуронийлар чойхонаси қуришга қаршилик йўқлиги» маълум қилинади. Лекин шу хатнинг ўзида мажмуа Зоминнинг қадимий қўрғони ўрнида режалаштирилаётгани боис ЎзФА Археология институти мутахассисларининг хулосаси олиниши тавсия этилади.
Бизга ҳокимликдагилар шу хатни кўрсатишди. Ҳа, хатда қаршилик йўқ, дейиляпти. Лекин реконструкция учун қаршилик йўқ. Бузиб ташлашга, тепаликни пасайтиришга қаршилик йўқ дейилмаган. Қолаверса, шу хатнинг ўзида мутахассисларнинг хулосаси олиниши тавсия қилинмоқда... Лекин ҳокимлик олдими ўша хулосаларни?! Йўқ! Улар тепаликни эксковатор билан кавлаб ташлашга буйруқ беришган.
Қадимий Зомин қалъаси «Қўрғонтепа» маданий мерос объектидан эко ва этнотуризмни ривожлантириш йўлида ўзига хос аҳамият касб этгувчи бир объект ва тарихий жой сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ, албатта. Қалъанинг ўша қадимий ҳолатини «юмшоқ» реконструкция қилиб, хорижий ва маҳаллий туристларни жалб этиш мақсадга мувофиқ эмасми? Ахир хорижликларни замонавий иморатларимиз эмас, айнан мана шундай тарихий ва миллий осори-атиқаларимиз жалб қилиши беш қўлдек аён-ку?
Бизга маҳаллий тарихчи ва археологлар юборган суратлардан ҳам кўриниб турибдики, қалъа қолдиқлари тупроқ остида яхшигина сақланиб турибди. Икки белкурак уриб очилган қадимий қалъа қолдиқлари орасидан чинни буюмлар қолдиқлари ҳам топилган. Уни бузиб ер билан битта қилиб ташлаш эмас, очиш, зудлик билан реконструкция қилиш керак.
Ўзингиз ўйланг, Зоминда қадимий тепалик ҳали археологик ишлар олиб борилмасдан, «унинг остида ҳеч нарса қолмаган барибир», деган ташхис билан бузилиб, пасайтирилиб, текисланиб, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига пешайвонлар қуриб ва мотамсаро она ҳайкали ўрнатишмоқчи. Энди айтинг, Зоминга келган туристга шу қизиқми ёки қадимий қалъа қолдиқлари?
Тўғри, уруш ёмон нарса, унда қатнашган қаҳрамонлар хотираси абадийлаштирилиши керак. Бу бизнинг қадриятларимиздан бирига айланиб ҳам улгурган. Лекин бу учун исталган жойдан, айтайлик, ўша тепаликнинг пойгакидан ҳам жой қилиш мумкинку? Баҳонада Зоминнинг яқин ўтмишига ҳам ҳурмат бажо этилган, қадимий тарихи ҳам сақлаб қолинган бўларди.
Кўҳна ва қадрли обидалар, қадамжоларни саводсизларча ва ўзбошимчалик билан буткул йўқотиб юбориш — тарихга ҳурматсизлик, бу билан туризм имкониятларини чеклашга қўйилган тўсиқ эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2017 йил 26 октябрда «Қўрғонтепа» қалъасида, яъни археологик объект ҳудудида қурилиш, қазиш ва унга зарар етказадиган бошқа ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қилинган бўлса-да, «Қўрғонтепа» қалъасининг устки қисмини 3–4 метр пастлатиш ва «Қўрғонтепа» қалъаси устки қисмига янги хотира мажмуаси ўрнатиш лойиҳавий таклифлари тайёрланиб, Зомин туман ҳокимлигига топширилган, ҳокимлик ҳам ушбу лойиҳани маъқул деб топиб, қизғин муҳокама этаёганигақандай баҳо бериш мумкин?

Албатта, туман ва вилоятдаги мутасаддиларга қадимий харобалар шаҳар кўркини бузадигандек, гўзал шаҳар ҳуснига сўгалдек халақит берадигандек туюлиши мумкин. Унақа эмас, жаноблар. Бутун дунё бўйлаб қадимий осори атиқаларга эътибор беринг. Афинадаги Акрополь вайронлари ҳам, Римдаги Колизей ҳам шаҳар ичида виқор билан турибди. Ҳеч кимга халақит бераётгани йўқ, қайтага йилига миллионлаб туристларни жалб этмоқда.
Сурхондарёда, Хоразмда ҳам мана шундай қадимий тепаликлар, тупроққўрғонлар керак бўлса хориждан археологлар жалб этилиб, муваффақиятли реконструкция қилинмоқда. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Наҳотки Жиззахда совет даври тарихчилари ҳам куни келиб албатта очилади, деб консервация қилган тарихий жой хўжасизларча бульдозер ғилдираклари остида янчиб йўқ қилинади?! Бунга қандай чидаш мумкин?! Яхшиямки ўз тарихини севувчи зоминликлар бор экан. Йўқса, ёдгорлик ими-жимида аллақачон йўқ бўлиб кетган ҳам бўлармиди?..

Албатта, туманда қарияларга қаратилаётган эътибор, уларга қарилик гаштини суришлари учун янги иншоотлар қуриш таҳсинга сазовор иш. Лекин бу пухта ўйлаб, етти ўлчаб бир кесиб амалга ошириладиган иш ҳам-да!
Ўша куни лойиҳа муҳокамаси жараёнига бироз қулоқ тутдим. Зоминдаги марказий жомеъ масжидидан янги қуриладиган мажмуага қадар иккита ер ости ўтиш йўлаги қуриш керак, деган таклиф берилди депутат Э.Холматов томонидан. Бу таклиф ёзиб ҳам олинди. Ҳолбуки, қариялар бу жойга бориши учун чорраҳадаги светофордан битта «зебра» орқали тўғри тротуарга тушиб олишлари мумкин. Ортиқча харажатга йўл қўйишдан маъни не?
Шаҳар пиёда юрувчи инсонлар учун қулай бўлиши керак. Асло автомобиль минган ҳайдовчилар учун эмас! Пиёдаларни, шунда ҳам қария отахонларни икки бор ер остига тушириб чиқаришни таклиф қилаётган мутасаддилар умуман ўз соҳасининг устаси эмаслиги кундек равшан бўлиб қолди.
Кўплаб ривожланган давлатларда тарихий қиймат ва қимматга эга обидалар, зиёратгоҳлар, моддий маданий мерос ва археологик обидалари, бинолардан туристик соҳада жуда самарали фойдаланишади. Ўз аждодлари қўли билан бунёд этилган бу каби обидаларни кўзга суришади. Бизда ҳам шундай бўлиши керак. Лекин Зоминдаги бу мажмуанинг қадимий қиёфасини тиклаш ўрнига бутун бошли қалъанинг оёқ ости қилиб юборилишини на тарих кечиради ва на келажак!
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Самарқанд археологик тадқиқотлар институти ҳам тарихий «Қўрғонтепа» объектида илмий тадқиқотлар асосида қазишма ишлари олиб бориб, уни очиқ осмон остидаги музей қилиш таклифи ва объектни асраб қолиш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини берди.
Ушбу ҳолат яна бир бор мутасадди идоралар томонидан қайта кўриб чиқилиши, 2000-2500 йиллик тарихга эга қадимги Зомин шаҳарчасида мажмуа қурилишида кечириб бўлмас хатоларга йўл қўйилмаслиги керак.
Kun.uz ушбу мавзуга албатта яна қайтади.
Азиз Қаршиев.