Жаҳон | 21:40 / 24.02.2018
14912
2 дақиқада ўқилади

Хитой Шимолий Корея билан алоқалари боис жорий этилган санкция учун АҚШга эътироз билдирди

Фото: AP

ХХР ТИВ вакили Гэнг Шуанг КХДР билан алоқадорликда гумон қилинган Хитой компанияларига нисбатан жорий этилган санкция муносабати билан АҚШга нисбатан қатъий эътироз билдиришини маълум қилган, деб ёзади РИА Новости.

Жума куни АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий ва баллистик дастури доирасида санкциялар жорий этилишини эълон қилди, у КХДР, Хитой, Сингапур, Тайван каби давлатлар ҳисобга олинганда 27 та кемачилик ва транспорт компаниялари, 28 та кема ва бутун дунё бўйлаб битта жисмоний шахсни қамраб олади. АҚШ маъмурияти вакили журналистларга ушбу санкциялар тўплами «Шу пайтгача Шимолий Корея манзилига нисбатан қўлланилган санкциялар ичида энг жиддийси» эканлигини маълум қилган.

«Хитой томони АҚШ ўзининг ички қонунчилигига асосан Хитой компаниялари ва фуқароларига нисбатан бир томонлама санкциялар эълон қилинганини кескин қоралайди. Биз аллақачон Америка томонига қатъий эътироз билдириб бўлдик ва бу хато ҳаракатларга зудлик билан нуқта қўйилишини талаб қиламиз, токи икки томонлама ҳамкорликка зарар етмаслиги учун», — дейилади Гэнг Шуанг томонидан эълон қилинган баёнотда.

Хитойлик дипломат Хитой ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашининг КХДРга доир барча резолюцияларига оғишмасдан, тўлиқ амал қилиб келаётганини, ўз зиммасига олган барча халқаро мажбуриятларни амалга ошираётганини таъкидлаб ўтган.

Хитойнинг ташқи сиёсат идораси мамлакат ҳукумати қонун йўли билан БМТ ХК резолюцияларига амал қилмаслик фактларини битталаб текшириши, суриштирув чоғида шундай ҳолатларга дуч келинса, уларга нисбатан чора кўрилишини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид