Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманган шаҳрига XXI аср қачон кириб келади?
Таҳририятга келиб тушган айрим мурожаатлар билан танишиб, ўзимда шубҳа пайдо бўлади: биз XXI асрда яшамоқдамизми? Саволни аниқроқ қилиб ифодаласам, Ўзбекистон халқининг барчаси XXI аср имкониятларидан бирдек фойдалана оляптими? Бу хаёллар тўзғиган бир пайтда Kun.uz мухбири Наманган шаҳри Гулпора МФЙда истиқомат қилувчи кишининг мурожаати изидан водий томон йўл олди.
Эътирофларда «Наманган гуллар шаҳри», деб аталмиш вилоят аслида моҳир чеварлар, хушмуомала сомсапазларга ҳам тўла. Шаҳар кўчаларини айланган ҳар бир сайёҳ янги қад ростлаган бинога маҳлиё бўлиб, кўча таомларидан тотиб кўришга уринади. «Чорсу» бозорини бир айланиб чиқишдаги завқни айтмайсизми!
Аммо, ҳикоянинг яхши сўзлари шу ерда адоғига етди. Бозордан сал юқорига қараб қадам ташлаган меҳмон Қ.Отамирзаев кўчасига чиқади. Бу ерда жўшқин Наманган ҳаётининг акс манзарасига гувоҳ бўласиз. Шу онда шаҳар марказида яшаб турган халқнинг ачинарли аҳволи бироз ўйга чўмдирди: нега?!
Маълум қилинишича, бу маҳаллада ҳам бир пайтлар табиий газ таъминоти узлуксиз бўлган. Бора-бора «босим пасайган» дея бир қатор важлар билан аҳоли 2012 йилда табиий газ истеъмолидан узиб қўйилган. Инсоният ер юзида пайдо бўлибдики, яшаш учун бирламчи шароитларни ҳозирлаб келади, гулпораликлар ҳам шундай қилди. Маҳаллада ўзига тўқ, иқтисодий бақувват оилалар суюлтирилган газ баллонларини сотиб олган, қиш қиличини яланғочлаб келса, сифатли кўмирга ошиқади. Улар хонадонни иситиш, табиий газ ўрнини қоплаш учун электрлашган иситиш тизимини ўрнатган.
Минг афсуски, бундай имкониятлардан ҳамма бирдек фойдалана олмайдиган. Шундай иқтисодий ночор аҳоли вакиллари ҳам борки, қишнинг сўнгги куни чиққунча, ҳар куни янгидан жанг майдонига кирган жангчидек курашни давом эттиради.
«Сифатли кўмирга қурбимиз етмайди, баъзан эски калишларни ёқиб, уйни иситган кунларимиз ҳам бўлди. Соғлиғимиз учун зарар эканлигини биламиз, аммо на чора...», дейди ана шундай оила аъзоларидан бири.
Маҳалладан чиқиб келсангиз, яна сершовқин манзил, одамлар билан тўлиб-тошган бозор, гавжум савдо марказларига кўзингиз тушади. Фақат бу сафар бошқача нигоҳ қадалган сурат пайдо бўлди: бу кишилар XXI асрда яшаяптими ўзи?
Мавзуга оид
22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
23:54 / 26.05.2025
Наманганда «Сўнгги қўнғироқ» вақтида қизларнинг сочи ёниб кетди
17:17 / 22.05.2025