Иқтисодиёт | 18:37 / 27.02.2018
25052
2 дақиқада ўқилади

Россия нима учун олтин захираларини кўпайтирди?

Январь ойида Россия Марказий Банки мамлакатнинг олтин захиралари 1 857 тоннага етганини эълон қилганди. Бу эса Россияда тарихда биринчи марта Хитойдан кўпроқ олтин захираси пайдо бўлиши эди. Sputnik нашри Россия нима сабабдан ўз олтин захирасини оширганини таҳлил қилиб кўрди.

Манбада айтилишича, Россиянинг халқаро захиралари миқдори 454 миллиард долларга етган. Марказий Банк эса бу захира 500 миллиард долларга етишини мўлжаллаган ҳамда бу натижага тобора яқинлашиб борилмоқда. Лекин нимага руслар олтин захирасини оширмоқда?

Қарамликдан қутулиш учун
Олтин ҳар қандай валютага нисбатан қарамликни йўққа чиқаради. Унинг ҳар қандай ҳолатда фаол савдо воситаси экани буни таъминлайди. Alpari иқтисодий таҳлил маркази вакили Александр Разуваев бу ҳақда шундай дейди: «Олтин АҚШ ва Германия облигациялари каби оммабоп бўлмаслиги мумкин, лекин уларнинг нархи доллар нархига қараб ўзгариб туради. Олтин эса ҳар қандай валютанинг қийматидан қатъи назар ўз қийматини сақлаб қолаверади».

Суғурта механизми
1920 йилларда собиқ Иттифоқ бошқа давлатлар билан фақат олтин орқали савдоларни амалга оширган ва экспертлар Россия ҳозир ҳам шу системага ўтиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти. Қисқасини айтганда бу захиралар Россияга нисбатан қўлланилаётган санкциялар вақтида қўл келиши мумкин. Эрон санкциялар вақтида ҳам нефть қазиб олишни давом эттирди ва савдоларни олтинда ҳам амалга ошираверди. Айнан санкциялар вақтида бу мамлаката қўл келгани айтилади. Россия ҳам айнан шу сабаб олтин захираларини ошираётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид