Ўзбекистон | 23:50 / 01.03.2018
56014
4 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида чегара очилди

Бугун, 1 март куни Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўртасидаги «Жартепа» ва «Саразм» автомобил ўтказиш пунктлари қайтадан очилди.

Мазкур масканнинг очилиш маросимида икки вилоятнинг жамоатчилик вакиллари, фаоллар ва чегара ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари иштирок этди. 

Тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтган маросимларда Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода қатнашди.

Жам бўлганлар икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган дўстлик муносабатларида очилаётган янги саҳифаларнинг дебочасига гувоҳ бўлишди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тадбирлардан репортаж тайёрлади.

Дастлаб «Саразм»дан «Жартепа» ўтказиш масканига қўшни республика вакиллари карнай-сурнай садолари остида кириб келди.

Байрамона тусга кирган масканда Самарқанд вилояти ҳокими Туроб Жўраев меҳмонларни унутилмас ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода назорат-ўтказиш пунктининг очилиши икки халқ манфаатига бир хилда хизмат қилиши, бу дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида гапирди.

Тадбир доирасида саҳна кўринишлари орқали икки халқнинг муштарак адабиёти, маданияти рамзи сифатида концерт дастури намойиш қилиниб, ширу шакарлар ижро этилди.

Меҳмонлар учун «Жартепа» масканида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ташриф буюрганлар паспорт ва божхона назорат пункти учун яратилган шарт-шароит билан ҳам танишди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида самарқандликлар вилоят ҳокими бошчилигида «Саразм» масканига йўл олишди.

Сўғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Тожик миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

 

«Сўғд вилоятининг Панжакент шаҳри Дарвеши маҳалласида туғилиб, вояга етганман», - дейди Хосият Суярова нигоҳини олисларга қадаб. – «1980 йилда Тойлоқ туманининг Галаботир маҳалласига келин бўлиб тушган эдим. Отам билан, кўпчилик қариндошларим билан кўришмаганимга 12 йилдан кўп вақт бўлди. Яшаш жойларимиз орасидаги масофа 30-35 километр. Аммо ота-онамни бориб кўриб келишим учун камида 400 чақирим йўл босишим керак бўларди. Шу сабабли йиллаб ота-онам, ака-укаларим билан кўришолмадик. Бугун ҳаётимда энг қувончли воқеалардан бири бўлди. Чегара постини очганларга минг раҳмат айтаман. Баҳорнинг биринчи куни менинг ҳаётимга ҳам баҳордай илиқлик олиб кирди».

«Қизимни Панжакентга узатганман. Саккиз йил бўлибди кўрмаганимга. Она учун бу муддатни ўтиши қандай кечганини тасаввур қилиш осон эмас. Яратганга шукр, бугун чегараларимиз очилиши билан узоғимиз яқин бўлди. Мана шу чегара пости очилишини соат санаб кутдим. Азалдан тўй-маъракаси бир бўлган, борди-келди қилиб келган халқни ўйлаган Президентларимизга минг раҳмат. Менга ўхшаган кўзлари йўлга тикилган оналарнинг ҳаммаси дуо қилаяпти», - дейди Ургутнинг Хўжабаланд маҳалласидан келган Кимё Жалолова.

«Ургут туманининг Нисбат қишлоғиданмиз. Тожикистонда яшайдиган, 70 ёшни қаршилаб қолган Мавжуда опамиз билан кўришгани келдик бу ерга. Тошкентнинг Бекободидан айланиб келишга имкон тополмаганимиз учун уч йилдан буён ҳар кунимиз хавотирда ўтди. Телефонда сўзлашганимиз дийдор ўрнини босармиди?!. Президентимиз бизга ўхшаган одамларнинг дарду-ташвишини жуда тўғри тушунибди-да, мана, энди узоғимиз яқин, оғиримиз енгил бўладиган бўлди. Бунинг учун чин юракдан раҳмат айтамиз. Боши омон бўлсин Юртбошимизни!», - дейди Матлуба Ёдгорова ва Абдулфаттоҳ Ёдгоров.

Мавзуга оид