Жаҳон | 10:00 / 02.03.2018
27024
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг АҚШга ҳужуми модели давлат департаментининг нафсониятига тегди 

Фото: Reuters

АҚШ давлат департаменти Россиянинг АҚШга зарба бериши моделлаштирилган анимацион ролик намойиш қилинишини масъулиятсизлик деб атади. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ролик Россия президенти Владимир Путиннинг федерал йиғинга мурожаати вақтида намойиш қилинган. 

Давлат департаментининг расмий вакили Хизер Нойертнинг айтишича, бошқармада Путиннинг чиқиши қизиқиш билан кузатилган. “Мен тушунтириб қўймоқчиман ва биз бу ҳақда аввал ҳам гапирганмиз, биз дунё етакчилари айтаётган ҳар бир сўз ёки фикрга жавоб бермоқчимасмиз. Бироқ АҚШга ядровий ҳужумнинг анимациясини кўриш ёқимсиз бўлди, бу бизга ёқмайдиган иш бўлди. Биз буни халқаро ўйинчининг масъулиятли хатти-ҳаракати, деб ҳисоблай олмаймиз”, деб қўшимча қилган Нойерт.   

Путиннинг нутқи вақтида “Сармат” ракета мажмуаси синовининг илк лавҳалари кўрсатилган. Интернет фойдаланувчилари ушбу қуролнинг имкониятларини намойиш қилувчи роликда Флорида ракеталар нишонига айланганига эътибор қаратишган.

Кейинроқ ушбу видео 2012 йилдаёқ YouTube’даги турк каналида жойлаштирилган бўлгани аниқланган. Яъни янги қурол имкониятлари тақдимотида 6 йил аввалги роликдан фойдаланилган.

“Сармат” оғир қитъалараро баллистик ракетага эга ракета мажмуаси бўлиб, собиқ иттифоқ даврида яратилган Р-36М2 “Воевода” мажмуаси ўрнини эгаллайди.

Мавзуга оид