Жамият | 11:49 / 05.03.2018
86557
3 дақиқада ўқилади

Бомдодга кетяпман, болам...

Фото: muslimmatters

Сурхондарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичини ўтказиш бўйича ташкилий ишларга ёрдам бериш учун Тошкент шаҳридаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) жоме масжиди ва Mehrob.uz ижодий жамоаси 2018 йилнинг 25 февраль – 1 март кунлари Сурхон воҳасида сафарда бўлди.   

Сурхон воҳасига шерикларимиз билан тунда, енгил машинада йўлга отландик. Боргунча Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидан ўтилади. Қашқадарё воҳаси, унинг қадимий Насаф ва Кеш шаҳарлари довруғи бутун дунёга ёйилган олиму фузалоларга бешик бўлган. Манбаларда биргина Кеш шаҳрида VII–XII асрларда 60 дан ортиқ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар етишиб чиққани тилга олинади.

26 февраль куни тонг саҳарда – соат 04:26 да Шаҳрисабздан, қадимий Кеш шаҳридан ўтиб боряпмиз. Ҳали шаҳар уйқуда, йўлда машиналар жуда кам.

Йўл чарчоғидан қаттиқ уйқуга кетган шерикларимиз энди уйғона бошлаганда йўл четида оппоқ кийимдаги бир нуроний отахонга кўзимиз тушди. «У кишини ҳам олиб кетайлик» деб Камолиддин ҳожи айтди, тўхтагунимизча анча нарига ўтиб кетибмиз. Орқага қайтиб, ёнларида тўхтадик. Эшикни очиб, салом бердик, «Тонг ёришмасдан қаёққа кетяпсиз, отахон?» деб машинага таклиф қилдик. Отахоннинг жавоблари биз учун бир умрлик дарс бўлди. Оқ яктак кийган, саксондан ошган бу нуроний ҳожи бува бомдод намозини ўқиш учун масжидга кетаётган эканлар. Кўзларимиз қувониб, отахондан сўрадик:

– Отахон, масжидда бомдод соат нечида ўқилади? Ҳали эрта эмасми?
– Борганимча бомдод вақти бўлади-да, болам.

Ростдан ҳам, отахон билан суҳбатлашиб, етти-саккиз чақирим йўл юрганимиздан кейингина масжидга етиб келдик. Буни қаранг, отахон қишин-ёзин, ҳар куни бир ярим, икки соат пиёда юриб, бомдод намозига мана шу масжидга келар эканлар. 

Нуроний отахон барчамизни дуо қилиб, хайрлашиб қолдилар.

Биз эса икки соатдан сўнг Ғузор туманидаги «Мусофир ота» жоме масжидида бомдод намозини ўқидик.

Йўлда кетар эканмиз, кўнглимдан шундай фикрлар ўтди: «Биз уйимизнинг ёнгинасидаги масжидга бомдод намозига чиқмаймиз. Ваҳоланки, наҳорда ош бўлса, шаҳарнинг нариги чеккасига ҳам етиб борамиз. Илоё барчамизга шу отахондаги ихлосу ҳиммат насиб қилсин...».

Баҳодир Муҳаммад

Мавзуга оид