Жаҳон | 16:54 / 05.03.2018
24022
2 дақиқада ўқилади

Саддам Ҳусайннинг қизи Ироқ ҳукуматини судга беради

Фото: AP Photo

Саддам Ҳусайннинг катта қизи Ражад ўз манфаатларини халқаро судларда ҳимоя қилиш истагида. Унинг мол-мулки Ироқ ҳукумати қарори билан мусодара қилинган эди. Бу ҳақда у Shafaq News порталига хабар қилди.

"Биз халқаро судларга мурожат қиламиз. Европа адвокатлари хизматидан фойдаланамиз... ва амалдаги ҳукумат томонидан Ироқнинг собиқ президенти фарзандларига нисбатан ноқонуний қабул қилинаётган чораларга қарши аризалар топширамиз", - деган Ражад. Унинг фикрича, янги санкциялар сиёсий кучларнинг май ойида бўлажак парламент сайловларидан аввал машҳурлигини ошириш билан изоҳлаш мумкин. 

Ироқ ҳукумати комиссияси 4 минг 257 кишининг исм-шарифи қайд этилган рўйхатни тайёрлаган. Унга Саддам Ҳусайндан ташқари, унинг фарзандлари, неваралари, бошқа қариндошлари, Ироқ вилоятларининг қатор собиқ ҳокимлари, давлат хавфсизлиги, қуролли кучлар офицерлари, президентнинг шахсий тансоқчилари, 2003 йили тарқатиб юборилган Араб социалистик тикланиш партияси (БААС) аъзолари киритилган. 

Мусодара қилинадиган кўчар ва кўчмас мол-мулк молия вазирлиги бошқарувига берилади, Вазирлар кенгаши эса, активларнинг кейинги тақдирини ҳал қилади. 

 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид