Ўзбекистон | 19:30 / 05.03.2018
38886
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи марта қандли диабет билан хасталанган беморга буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди

Ўзбекистонда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш билан боғлиқ трансплантология амалиётлари бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган йилдан эътиборан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, яқинда ушбу марказда мамлакат тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказишдек ноёб амалиёт ҳам ижобий натижа билан якунланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги KUN.UZ’га хабар бермоқда.

Куни кеча марказда ўтказилган навбатдаги буйрак трансплантацияси амалиёти ўзининг мураккаблиги ва шифокорлардан ниҳоятда катта масъулият талаб қилиши билан ажралиб турди. Гап шундаги, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманилик Бекберган Қўчқоров буйрак етишмовчилиги билан бирга, қандли диабет хасталигидан ҳам азият чекаётган эди.    

— Буйрак трансплантациясини ўтказишнинг ўзи масъулиятли юмуш. Агар беморда қандли диабет касаллиги ва ўткир буйрак етишмовчилиги бир йўла учраса, бу амалиёт янада мураккаблашади, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир жарроҳлиги ва буйрак трансплантацияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов — Чунки, қандли диабетда томирлар торайган бўлади, бу операция жараёнида оғир муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шу боис, жаҳон тиббиётида бундай оғир операцияларни ўтказиш учун малакали мутахассислар жамоаси, юқори технологиялари шароитлар талаб этилади. Узоқ йиллардан бери қанд касаллиги билан хасталанган бемор Бекберган Қўчқоровга унинг 46 ёшли укаси Шимберген Қўчқоров донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини муваффақиятли якунладик. Кўриб турганингиздек, бемор ва донорнинг аҳволи жуда яхши. Уларнинг ҳар иккаласи ҳозир шифокорлар назоратида. Барча кўрсатмаларига тўла риоя этилса, бемор тез орада оёққа туриб, соғлом ҳаётга қайтади.

Суратда: Ўнгдан бемор  Бекберган Қўчқоров, донор Шимберген Қўчқоров шифокорларнинг навбатдаги кўригида.

— Ёшим 55 да. 10 йилдан бери қанд касаллигидан азият чекаман, —дейди Бекберган Қўчқоров. — Бу хасталик буйракларимга ҳам зарар етказди. Охирги бир ярим йил мобайнида гемодиализ муолажалари билан ҳаёт кечирдим. Аммо аҳволим оғирлашиб бораверди. Ростини айтсам, ҳаётдан умидимни узган пайтларим ҳам бўлди. Бугун эса ўзимни дунёга қайта келгандек ҳис этмоқдаман. Тиббиётимизда инсон аъзолари трансплантацияси билан боғлиқ операциялар йўлга қўйилгани мен ва мен каби яна ўнлаб беморларга ана шундай янги ҳаёт бахш этди. Шифокорларнинг қўллари дард кўрмасин.

Ҳозирда олимлар ва шифокорлар трансплантация амалиётларини янада такомиллаштириш, беморларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юрак трансплантациясини йўлга қўйишга тараддуд кўрмоқдалар.

Мавзуга оид