Жаҳон | 23:40 / 07.03.2018
41546
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев аёллар дунёни бошқарганда нима бўлиши ҳақида

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 8-март Хотин-қизлар байрами муносабати билан сўзлаган нутқида дунёни аёллар бошқарган тақдирда вазият қандай бўлиши борасида фикр билдирди, дея хабар берди NUR.KZ.

"Бугун ёш авлоднинг таълим ва тарбия тизими сизнинг нозик елкаларингиздадир. Айнан сиз фарзандларимиз ҳақидаги асосий ғамхўрликни ўз зиммангизга оласиз, уларнинг дунёқарашини шакллантирасиз, уларда ўзига ва қилаётган ишларига бўлган ишончни ҳосил қиласиз.

Бизнинг аёлларимиз шарқона донишмандлик, ғарбий ишбилармонликни ўзларида мужассам қилишган - буларнинг бари ўз кучига бўлган ишончни оширади.

Барча давлатларни аёллар бошқарса, нима бўлади? Дунёда уруш бўлмаслиги аниқ, ҳамма жойда тинчлик, лекин ўзаро бир-бири билан гаплашмайдиган мамлакатлар талайгина бўларди", - дея ҳазиллашди президент.

У аёллар оила аъзолари учун қайғуриш, ишдаги бурчларидан ташқари яна ўзларига қараб юришлари кераклигини ва қандай қилиб буларнинг барига улгуришларидан ҳайратда эканини қўшимча қилди.

Умуман олганда, Нурсултон Назарбоев аёлларни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан табриклаган нутқида кўп ҳазиллашди - жумладан, икки дугона ва ўғирланган смартфон ҳақида латифа айтиб берди:

"Бир куни икки дугона учрашишибди. Улардан бири бошқасига арз қилибди - янги смартфонни сотиб олишим биланоқ ўғирлатиб қўйдим.

Дугонаси жавоб берибди - мен эса телефон китобчамда "турмуш ўртоғим" деган жойига формадаги полиция бошлиғининг сурати, "ака" деган ном остида эса - бокс бўйича жаҳон чемпионининг суратини қўйиб қўйдим. Телефонимни бир неча марта ўғирлашган, лекин ҳар сафар узр сўраб, яхши тилаклар билдириб қайтариб беришади", - дермиш.

"Аслини олганда 8-март - ҳар бир ҳақиқий эркак ўзининг самимий ва нозик жиҳатларини намоён қилиши учун ажойиб имкониятдир", - деди Назарбоев.

 

Мавзуга оид