Ўзбекистон | 16:34 / 07.03.2018
28291
2 дақиқада ўқилади

“Тошкент савдо маркази” ёнида 43 млн сўмни босқинчилик билан эгаллаб олганлар ушланди

Фото: Guvd.uz

2018 йилнинг 4 март куни тахминан соат 15:30 ларда, номаълум шахслар, “Тошкент савдо маркази” бозори ёнида фуқаро К.Б.га ҳужум қилишиб, 43.300.000 сўм миқдоридаги пуллари ва «Samsung» русумли уяли телефонини босқинчилик йўли билан эгаллаб олганлар. Шундан сўнг, жабрланувчининг автомашинасидан фойдаланган ҳолда бир неча километр масофа босиб ўтиб, уни турар-жой уйлари ёнида қолдирганлар ва эгаллаб олинган мол-мулклар билан жиноят содир этилган жойдан яширинганлар. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сергели туманида яшовчилар, муқаддам судланган 1991 йилда туғилган Х.Ш. ва 1978 йилда туғилган М.М. содир этганлиги аниқланган.

Содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси ва жиноятчиларнинг шахсини инобатга олиб, уларни Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бўлимининг малакали ходимлари ва махсус бўлим ходимлари билан ҳамкорликда ушлаш ҳақидаги қарорга келинган. Қўлга олиш давомида жиноятчилар фаол қаршилик кўрсатиб, яширинишга уринганликларига қарамасдан улар зарарсизлантирилиб қўлга олиндилар.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.

Мавзуга оид