Жамият | 00:11 / 08.03.2018
36937
2 дақиқада ўқилади

Ота фарзандини жазолашнинг антиқа усулини қўллади

Фото: Facebook/WarriorCode

АҚШнинг Виржиния штатида яшовчи Брайан Торнхилл 10 ёшли ўғлини безорилик қилгани учун мактабгача ёмғир остида югуришга мажбур қилган. 

Торнхилл Facebook’да ёмғир вақтида катта рюкзак билан чопаётган ўғли ортидан машинада кетаётгани ва нима юз бераётганини тушунтираётган видеони жойлаштирган. Видео 4 кун ичида 26 млн мартадан кўпроқ томоша қилинган.

“Менинг ўғлим автобусда  кўнгилсизликларга шунчалик кўп тушганки, уни автобусдан ҳайдаб чиқаришган ва унга 3 кун давомида ундан фойдаланиш тақиқланди, чунки у бироз безорилик қилган. Бунга чидаб турмайман. Шу сабабли у мактабгача югуриши керак”, деб айтган Торнхилл.

Отанинг айтишича, мактабгача масофа 1,6 км ни ташкил қилади. У ўғлини бундай жазолашни “мақбул ҳолат” деб атаган ва жисмоний машқлар фойдаси ҳақида эслатиб ўтган ҳамда ўз фарзандларини уриш ўрнига “ижодкорроқ бўлишга” чақирган.

Эркакнинг айтишича, унинг ўғли бир ҳафтадан бери югурмоқда ва бу орада боланинг хулқи анча яхшиланган. Унинг таъкидлашича, ўғли вазиятга тўғри қараган ва синглисига “отам доимо ҳақ”, деб айтган. 

Эркак буни “эски қадрдон тарбия” деб атаган ва Америкага қуролни назорат қилиш эмас, айнан шу нарса кераклигини айтган. “Мен фарзандларимни қуролдан фарқли равишда, шкаф ичида қамаб қўя олмайман. Қуролни эса осонлик билан ва доимо назорат қила оламан”, деб айтган ота.  

Роликка берилган изоҳларда билдирилган фикрлар турлича бўлди. Кимдир отага танбеҳ берган бўлса, бошқалар эса уни қўллаб-қувватлашган ва мактабгача бироз югуриш фойдадан холи бўлмаслигини айтишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид