Ўзбекистон | 13:58 / 08.03.2018
18576
2 дақиқада ўқилади

Парпиев Халқаро валюта фонди миссияси билан учрашди

Фото: ХВФ

2018 йил 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг Халқаро валюта фонди миссияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда солиқ маъмуриятчилиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, Халқаро валюта фонди томонидан Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини ҳар йили баҳолаб бориш масалалари атрофлича муҳокама этилган.

Шунингдек, бюджет тизимига қўшимча тушумларнинг келиб тушишини таъминлаш мақсадида солиқ органларини модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилди. Солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатда бўлиш, кўрсатилаётган электрон хизматлар таркибини янада кенгайтириш ҳисобига солиқ органлари шаффофлигини ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилган.

Шу билан бирга жараёнларни автоматлаштириш даражасини кўтариш ҳамда ахборотни қайта ишлаш ва тайёрлашнинг алоҳида тартиботлари бўйича махсус бўлинмаларни ажратиш ҳисобига (давлат солиқ инспекциясининг оддий ходимларининг) функционал вазифаларнинг мураккаблигини оптималлаштириш ва камайтириш муҳим эканлиги айтилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишни юқори даражада қисқартириш, солиқ юкини пасайтириш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Ушбу йўналишда қабул қилинган қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда республика солиқ маъмуриятчилигини замонавий асосда янги босқичга кўтариш бўйича энг муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид