Спорт | 07:49 / 12.03.2018
7027
6 дақиқада ўқилади

Нима учун МБА жамоалари бошқа лигалар клубларидан тезроқ қимматлашмоқда?

Фото: AP

Февраль ойидаги котировкаларнинг қулаши жаҳон фонд бозорларидан 4 триллион долларни йўқ қилди, бироқ Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) жамоалари бундан жабрланди, деб ўйламанг. Forbes МБАнинг энг йирик телешартномаси, Хитойга экспансия ва янги реклама лойиҳалари - дунёнинг асосий баскетбол лигаси қандай пул топаётганига доир мақоласини тақдим этди

2018 йилда франшизанинг ўртача нархи рекорд даражадаги 1,65 миллиард долларга етди, бу ўтган йилги рақамларга қараганда 22 фоизга кўпдир. Сўнгги 5 йилда эса МБА жамоаси нархи уч бараварга қимматлашди. Тарихда биринчи марта ҳар бир жамоа (улар жами - 30 та) 1 миллиард долларга баҳоланмоқда. МБА иқтисодиёти жойида, унинг халқаро истиқболлари эса Американинг бошқа спорт лигаларига қараганда ижобий кўриниш олган. 

Энди МБА франшизаси Миллий футбол лигаси(МФЛ)дан қимматга баҳоланувчи дунё ақлдан озган кишининг сафасатаси эмаслиги аён. Сармоячиларнинг фикрича, баскетбол лигаси чет элда ўсиш учун катта салоҳиятга эга - АҚШдан ташқарида МБА даромадлари йил сайин ошиб бормоқда, эътиборли томони - ўсиш кўрсаткичлари шунчаки микрофоизларга эмас. 

Ҳа, МФЛ франшизасининг ўртача қиймати 2,5 миллиард долларни ташкил қилади, бу баскетбол кўрсаткичларидан 52 фоизга кўпдир, бироқ сўнгги беш йилда орадаги фарқ икки баравардан кўпроққа қисқарди. «Бруклин Нетс» ва «Хьюстон Рокетс» ўртасидаги шартномалар МБА жамоаларини саккиз баробар йиллик даромадга баҳоламоқда, МФЛ франшизалари қиймати эса - олти баробарга яқинроқ. 

"МБА халқаро ўсиш учун ажойиб позицияларга эга, - деб ҳисоблайди Galatioto Sports Partners молиявий-консалтинг компанияси раҳбари Сэл Галатиото. - Лига ажойиб маҳсулотни таклиф қилмоқда, баскетболга бўлган қизиқиш эса бутун дунё бўйлаб ўсишда давом этмоқда".

Масалан, Хитойда 300 миллионга яқин киши баскетбол ўйнайди. 2015 йилда МБА маҳаллий Tencent компанияси (мамлакатдаги машҳур мессенжерлар ва ижтимоий тармоқ эгаси) билан ўз платформаларида лига ўйинлари ва бошқа контентларни намойиш қилишга доир беш йиллик шартномани имзолаган. Келишув МБАга 800 миллион доллардан ортиқ даромад келтириши керак, ҳамкорликни давом эттиришга доир музокаралар эса бошланиб бўлган. Лига Хитойда 34 медиа ва маркетинг-ҳамкорга эга, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилари сони - 144 миллион - бу бошқа ҳар қандай спорт турига нисбатан кўп.

МБА 10 йил илгари NBA China лойиҳасини йўлга қўйганди, энди эса у 4 миллиард доллардан ортиққа баҳоланади. Лига комиссар ўринбосари Марк Татум бу борада шундай дейди: "Биз бизнеснинг барча жабҳаларида - у хоҳ контентни кенгайтириш бўладими, ҳомийликми ёки мерчандайзинг - ўсиш кўрсаткичларини намойиш қилмоқдамиз".

Бу МБАнинг яқинда берилган рақамларини тасдиқлайди. Баскетбол франшизаси сотувларига доир музокаралар ўн хонали сонлардан бошланади, истиқболли минтақадаги жамоа эса 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ келтириши мумкин. 2017 йилнинг октябрида лига «Хьюстон Рокетс» харидини қўллаб-қувватлади: америкалик миллиардер Тилман Фертитта клуб учун рекорд даражадаги 2,2 миллиард доллар суммани киритди. Бироқ «Бруклин Нетс» бўйича шартнома яқин орада бу рақамларни ортда қолдириши кутилмоқда. Михаил Прохоров клуб акцияларининг 49 фоизини тайванлик ишбилармон, Alibaba интернет-компанияси ҳаммуассиси Жозеф Цайга сотади. Нарх масаласи борасида 2,3 миллиард долларга келишилган. Шартнома жамоа ўз ўйинларини ўтказувчи Barclays Center аренасини ўз ичига олмайди, бироқ Цайга 2021 йил охирига бориб «Нетс» назорат пакетини сотиб олиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда. 

МБА бизнеси ички бозорда ҳам анча муваффақиятли ривожланмоқда. Лиганинг 2014 йилда старт берилган Time Warner’s TNT ва Walt Disney’s ESPN билан 9 йиллик телешартномаси (24 миллиард долларлик) йиллик тўловлар ҳажми бўйича ўтган галги шартномадан уч карра  даромадлироқдир. Йирик телебитим МБАнинг юқори кредит рейтингини мустаҳкамлайди, бу заёмлар бўйича харажатларни камайтириш имконини беради.

Ўйинчиларнинг майкаларида реклама логоларини акс эттиришга доир дастлабки лойиҳа (ҳозирча уч йилга мўлжалланган) фавқулодда муваффақиятли бўлиб чиқди: 19 жамоа ўртача йиллик ставкаси 9 миллион доллар бўлган ҳомийлик шартномаларини имзолади. Натижа — лига учун 200 миллион янги даромад, шунингдек баскетбол учун янги ҳамкор-компаниялар (Rakuten, Harley-Davidson ва Squarespace кабилар).

МБАнинг энг қиммат франшизаси рейтингида учинчи марта кетма-кет «Нью-Йорк Никс» клуби етакчилик қилмоқда. Унинг қиймати бир йилда 9 фоизга ошди ва ҳозирда 3,6 миллиард долларни ташкил қилмоқда. «Лос-Анджелес Лэйкерз» мавсумма-мавсум мағлуб бўлмоқда, лекин маҳаллий трансляциялардан йилига 150 миллион доллар олишда давом этмоқда (бошқа ҳудудлардаги жамоалар бунинг ортидан 15 карра кам пул топади) ва рўйхатда иккинчи ўринни (3,3 миллиард доллар) эгалламоқда. 2018 йилда учинчи ўринга «Голден Стэйт Уорриорз» жамоаси чиқди. Ушбу мавсумда клуб чипталар нархини 25 фоизга оширди, шундай бўлса-да, мухлислар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар йўқ. Чипталар тарифлари 2019 йилда ҳам ўсади, зеро бу вақтга келиб 1 миллиард долларлик Chase Center аренаси очилади. 

Ўйинчиларнинг ошиб бораётган маошларига қарамай, МБА жамоалари аксариятининг бухгалтерияси даромадни қайд этмоқда. 

МБАнинг типик франшизаси 2016-2017 йил мавсуми якунлари бўйича 52 миллион долларлик операцион даромадга эга бўлган, бу 2015-2016 йилги мавсум кўрсаткичларига нисбатан 68 фоизга юқори демакдир, уч жамоа эса («Никс», «Лэйкерз» ва «Уорриорз») 100 миллион доллардан ортиқ пул ишлаб олган.

Мавзуга оид