Спорт | 19:30 / 14.03.2018
14424
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» иштирокидаги ўйинга талабалар яна мажбуран олиб кирилиши кутилмоқда

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Ўзбекистон суперлигасининг 3-турида Олмалиқнинг ОГМК жамоасини қабул қилади. Учрашув 18 март, якшанба куни бўлиб ўтади.

«Tribuna.uz» маълумотига кўра, мазкур учрашувда Тошкентдаги баъзи олий ўқув юртлари талабалир мажбуран олиб кирилиши кутилмоқда. Айни вақтда жамоанинг Тошкент Кимё технологиялари институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига талабаларни ўйинга жалб қилиш бўйича ёзган хатлари тармоқларда тарқалмоқда.

Хатда кўрсатиб ўтилишича, стадионга кириш учун бепул чипталар тарқатилади. Танаффус вақтида эса ўша чипталардан ютуқли лотереялар ўйналади. Ютуқ сифатида 3 дона телевизор ва футбол тўплари қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, стадионга талабаларни олиб кириш ҳолати ўтган мавсумда ҳам кузатилганди. Энг қизиқ томони, ўтган йили ҳам «Пахтакор» ва «Олмалиқ» жамоалари ўртасидаги учрашувга талабалар олиб кирилган, кейинроқ расмий манбаларда 11067 томошабин ўйинга киргани маълум қилинганди.

Мавзуга оид