Жаҳон | 10:25 / 16.03.2018
11580
2 дақиқада ўқилади

«Ҳарбий тўнтариш бўлганди» - Мугабе баёнот билан чиқди

Фото: Global Look Press/Kay Nietfeld

Зимбабве собиқ президенти Роберт Мугабенинг маълум қилишича, ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимият тепасидан четлатилган. 2017 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг сиёсатчи билан уюштирилган илк интервью Жанубий Африканинг SABC телеканали томонидан эълон қилинди.

Собиқ президентнинг таъкидлашича, «баъзилар бу ҳарбий тўнтариш бўлганини тан олгиси келмаяпти», бироқ, унинг фикрича, Эммерсон Мнангагва ҳокимият тепасига армия қўллаб-қувватловисиз келиши мумкин эмасди.

«Мен ўзим тарбиялаб, ҳукуматга олиб келган, дорга осилиши мумкин бўлган пайтда ҳаётини сақлаб қолишга шунча ҳаракат қилган Мнангагва бир кун келиб менга қарши чиқишини ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагандим», - дея Зимбабве собиқ президентининг сўзларини келтиради ТАСС.

Эслатиб ўтамиз, 93 ёшли Роберт Мугабе эгаллаб турган лавозимини 2017 йилнинг ноябрь ойи охирида тарк этди. Сиёсатчи жиноий таъқибдан дахлсизлик эвазига истеъфога чиқишга рози бўлди. Бундан ташқари, Мугабе умрининг охирига қадар пенсия олади. Собиқ президентга ҳар ойда тахминан 150 минг доллар тўланади.

Мавзуга оид