Ўзбекистон | 11:20 / 16.03.2018
16311
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бош прокуратураси АҚШ Махфий хизмати билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Фото: Uzdaily

Америка Қўшма Штатлари Махфий хизмати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти билан трансмиллий молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Uzdaily хабар қилмоқда.

АҚШ Махфий хизматининг доимий вакили Дениз Фейднер ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи Акмалхўжа Мавлонов 2018 йилнинг 15 март куни Тошкентда ушбу ҳужжатни имзолади. Англашув меморандуми молиявий суриштирувлар ҳақида маълумот алмашиш, валюта жиноятлари соҳасида тажриба ва техник ишланмалар алмашинувини, шунингдек, ишчи гуруҳлар учрашуви ёки томонларни қизиқтирган бошқа йиғилишлар ўтказишни назарда тутади.

«Валюта ва молиявий жиноятлар – мураккаблик даражаси ошиб бораётган глобал таҳдид. Бундай жиноятлар учун кучли тўсиқ трансмиллий жиноий ташкилотлар билан курашишнинг асосий усули саналади. Махфий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари бир-бирига ёрдам бериши жуда муҳим, шунинг учун биз Ўзбекистонда Бош прокуратура билан яқиндан ҳамкорлик қилишни истаймиз», - деди Дениз Фейднер.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хавфсизлик бўйича Минтақавий офиси ҳам Меморандумга эришиш учун ёрдам кўрсатди. «Ушбу меморандум АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси асосий мақсадларидан бири - АҚШнинг хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини трансмиллий жиноий ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида кучайтиришга ёрдам беради», - дея айтиб ўтган АҚШ элчихонасининг Минтақавий ҳавфсизлик бўйича офиси вакили.

Мавзуга оид