Жамият | 15:42 / 17.03.2018
9225
8 дақиқада ўқилади

“Муғом олами” миллатларни бирлаштирди

Фото: azculture.uz

Озарбойжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида 2018 йилнинг 7-14 март кунлари “Муғом олами” анъанавий V Халқаро мақом фестивалида юртдошларимиз иштироки юқори баҳоланди. 

Мазкур фестиваль 2009 йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиб келинади. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқдалар. 

Бу йилги фестивалда ўзбекистонлик иштирокчилар – Илёс Арабов 1-ўрин (хонанда), Азамат Эргашев 3-ўрин (най), Отабек Акрамов 3-ўрин (дутор)ни қўлга киритилар. 

Озарбойжонда Шарқ маданияти ва мусиқасига эътибор жуда катта. Ҳайдар Алиев номидаги Фонднинг асосий мақсадлари орасида Озарбойжонда миллий-маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, озарий маданиятини бутун дунёда тарғиб қилиш ҳам бор. Мана шу эзгу ишларни амалга ошириш мақсадида Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилган. 

Маълумки, Озарбойжон муғоми (мақоми) 2008 йилда ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий мероси дурдонаси рўйхатига киритилган. 

2005 йилда Ҳайдар Алиев Фонди президенти Меҳрибанхоним Алиева раҳбарлигида таниқли хонанда ва муғом билимдонлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбати иштирокчилари бир овоздан Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватладилар. 

2005 йилнинг 24 августида Илҳом Алиев, рафиқаси Меҳрибонхоним Алиева ва ЮНЕСКОнинг ўша вақтдаги Бош директори Коиширо Мацура Муғом марказининг пойдеворига биринчи тош қўйиш тадбирида иштирок этди. 2006 йилнинг 6 апрель куни мамлакат президенти Илҳом Алиев Бокуда Халқаро Муғом маркази ташкил этилиши тўғрисидаги фармойишни имзолади. Халқаро Муғом маркази 2008 йилнинг 27 декабрь куни расман очилди. 

Фото: azculture.uz

Умумий майдони 7,5 минг квадрат метрни ташкил қилувчи марказ биноси шарқ мусиқа асбобларидан бири бўлмиш – торни эслатади. Уч қаватли бинода 350 томошабинга мўлжалланган концерт зали, клуб, овоз ёзиш студияси, репетициялар хонаси, 80 ўринли “Уд” ресторани бор. Бино Италия, Австрия, Франция ва Туркиядан олиб келинган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Халқаро Муғом марказида ёш ижрочилар мақомнинг нозик сирларини ўрганишади. Марказда таниқли хонандалар иштирокида концертлар, халқаро конференция ва фестиваллар ўтказилади. Халқаро Муғом марказида ташкил этилган музейга таниқли муғом ижрочиларининг бюстлари ўрнатилган. 

Бугунги кунда Озарбойжон муғоми (мақоми) дунёга танилмоқда. 2009 йилдан бошлаб ҳар йили Халқаро Муғом марказида Меҳрибонхоним Алиева ташаббуси билан Ҳайдар Алиев жамғармаси кўмагида анъанавий Халқаро мақом фестивали ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган мақсад бутун дунёни мақом билан таништириш ҳамда шарқ мусиқаси анъаналарини сақлаб қолишдан иборат. Йилдан йилга бу фестивалда иштирок этувчилар сони ошиб бормоқда. 

2009 йилда ўтказилган “Муғом олами” халқаро фестивалида ўзбекистонлик иқтидорли хонанда Юлдуз Турдиева ғолиб бўлди. Унинг ижросидаги “Қорабоғ шикастаси” қўшиғи барчани лол қолдирди. Юлдуз Турдиева ижро этган “Қорабоғ шикастаси” мақоми Озарбойжонликлар қалбини забт этди¸ деб ëзди Боку матбуоти. 

Озарий пойтахтида бўлиб ўтган жаҳон мақом қўшиқчилари беллашувида¸ Бухоронинг чекка қишлоғидан келган талаба қиз Юлдуз Турдиева¸ мақомчиликдаги янги истеъдод, дея тан олинди. Ўшанда журналистлардан бирининг “Мукофот берилаëтган пайтда нега йиғладингиз?”, деган саволига Юлдуз Турдиева шундай жавоб берган эди: “Тўғриси, мен кутмаган эдим. Мен “Қорабоғ шикастаси” муғомини ўрганганимда жуда мураккаб эди. Мен ўзи Озарбойжон муғомини юракдан яхши кўраман. Биринчи ўрин деб эълон қилганларида йиғи ичимдан келди. Энди бу ерда Осиëнинг бошқа давлатларидан¸ Шарқ давлатларидан¸ Араб давлатларидан¸ Мисрдан иштирокчилар бор эди. Мен аввалига ҳаяжонландим, қўрқдим. Лекин, бир қарсак бўлгандан кейин ўзимни тутиб олиб, “Қорабоғ шикастаси”ни бошқача кайфиятда айтдим. Мен учинчи ўринга ҳам хурсанд бўлардим. Шу конкурсга қатнашишнинг ўзи бир бахт. Бу ерда ҳамма давлатлардан танишлар орттирдим. Ҳамма менга “Ўзбекистондан келиб Озарбойжоннинг “Қорабоғ шикастаси”ни ижро қилдинг. Раҳмат сенга” деб айтиб¸ мени юракдан табриклашди”. 

Фото: azculture.uz

Озарбойжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган V Халқаро мақом фестивалида ҳам мамлакатимиз вакилларининг ғолиб бўлишини юртимизда мақомга берилаётган юксак эътиборнинг самараси сифатида кўриш мумкин. 

Айни вақтда миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўрисида»ги қарори қабул қилиниб, изчил ижроси таъминланмоқда. Қарорда таъкидланганидек, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Асрлар давомида улуғ шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати ва фидойилиги, ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат юртимиз ва шарқ мамлакатларида, балки дунё миқёсида катта шуҳрат ва эътибор қозонган. Мақом санъатининг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ҳамда унинг Репрезентатив рўйхатига киритилгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мақом санъатини ўрганиш ва ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Айниқса, ўзбек “Шашмақом”и нота матнларининг нашр этилиши ва уларга мувофиқ равишда мақом куй-қўшиқларининг магнит ленталарга ёзиб олиниши улкан илмий-маданий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ҳозирги кунда юртимизда Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, ҳудудларда мақом жамоалари, Ўзбекистон давлат консерваториясида шу йўналишда махсус кафедра фаолият кўрсатаётгани, соҳага оид илмий изланишлар олиб борилаётганини қайд этиш лозим. 

Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш режалаштирилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи давомида Оқсарой майдонида мазкур анжуманни ўтказиш учун зарур маданий инфратузилма иншоотларини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Халқаро мақом санъати анжуманининг илмий-ижодий концепцияси ҳақида маълумот берилди. Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва марказ ташкил ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳар маданият саройини капитал таъмирлаш, Оқсарой майдонидаги Мақом маркази ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолиятини такомиллаштириш тадбирлари белгиланган. 

Мавзуга оид