Ўзбек тилининг халқаро баҳолаш тизими ишлаб чиқилди
Ҳозирги кунда инглиз тилиниинг IELTS (International English Language Testing System), корейс тилининг TOPIC (Test of Proficiency in Korean), япон тилининг JLPT (Japanese Language Proficiency Test) деб номланган баҳолаш тизимлари анча оммалашган. Энди ўзбек тилини етарлича эгаллаганларга ҳам шунга ўхшаш сертификат берилади. Ушбу ҳужжат талаби “ЎЗБЕГИМ” (Ўзбек тилини босқичлаштирилган эшитиш, гапириш, имло ва мутоласи) номли дастурга асосланади.
Дунёнинг нуфузли университетларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитишга ихтисослашган кафедра ва факультетлар бор. Аммо шу пайтгача хорижликларнинг ўзбек тили борасидаги билимларини баҳолайдиган дастур ва муайян тизимга солинган, мукаммал дарслик йўқ эди.
Яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбек тилининг халқаро баҳолаш тизими — UzLISA (Uzbek Language International Standard of Assessment) яратилди.
– Дунёнинг кўплаб давлатларида муайян шахснинг хорижий тил борасидаги билими CEFR (Common European Framework of Reference), яъни «Умумевропа тил кўникмаси қолипи» асосида баҳоланади, – дейди лойиҳа муаллифи, университет ўқитувчиси Ҳабибулла Боқиев. – Биз ҳам имтиҳон талабларини ушбу андоза асосида тайёрладик. Уч босқичга эга даражалар эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини «Узлуксиз таълим тизимининг чет тиллар бўйича давлат таълим стандартини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган шартларга мослаштирилган.
Сертификат эгаси, биринчи навбатда, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олиш ҳуқуқига эга бўлади. Тадқиқотлар олиб бориб, илмий даражаларни эгаллаш борасидаги имкониятлари ҳам кескин ортади. Шунингдек, юртимиздаги муассасаларда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлади.
Имтиҳонларни ўтказувчи ва тегишли сертификатни топширувчи марказ эса Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:31 / 18.03.2024
Хориждаги ўзбекистонликлар учун Ўзбек тили онлайн платформаси ишга туширилди
18:18 / 01.06.2023
6 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди
14:34 / 17.10.2022
Ўзбекчани ўрганишга ўзга миллатларда рағбат йўқми ёки ўргатишга бизда хоҳиш?
08:26 / 16.10.2021