Ўзбекистон | 12:45 / 19.03.2018
90817
5 дақиқада ўқилади

Яна «Автотест»: кўнсанг – шу шарт, кўнмасанг...

Маълумки, Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланиш соҳасидаги «Автотест»нинг монопол ҳуқуқи бекор қилинди ва эндиликда бу ҳуқуққа белгиланган талабларга жавоб берадиган барча хўжалик юритувчи субъектлари эга бўлишлари мумкин.

Ушбу мақолада ҳукумат қарори ёки бошқа қонуности ҳужжатлардаги масалаларни муҳокама қилишдан йироқ бўлган ҳолда, «Автотест» томонидан шартномаларга киритилган бандлар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунида шартномалар тузишнинг эркинлиги ва тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.

Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг қарорида номи зикр этилган «Avtotest Report» МЧЖ эмас, балки «Avtotest Report» МЧЖ ва Анна Извекова исмли жисмоний шахс таъсисчилигида очилган «Avtotest Sirg’ali» МЧЖ томонидан мижозларга тақдим этилаётган шартнома шартларига диққатни қаратсак:

1. «Avtotest Toshkent» МЧЖ томонидан таклиф қилинаётган шартномада «тўланган пул қайтарилмайди» деган банд ҳам киритиб қўйилган.

Айтайлик, ўқиш учун пулни тўлаб, токи малака ошириш бошлангунга қадар ўша мижоз автотранспорт воситасини сотиб юборса ёки юридик шахс тугатилса, бошқача айтганда «Автотест» берадиган сертификатга эҳтиёжи бўлмаса ҳам, тўланган пулни қайтара олмайди. Хатга тушдинг - ўтга тушдинг, деганларидек, бу вазиятда юридик шахс «пулга тушиб» қолади.

Шартномадаги «тўланган пул қайтарилмайди» қоидасининг энг қизиқ томони, айтайлик маълум муддат ўтиб Вазирлар Маҳкамаси ўз қарорини ўзгартирса ҳамда юридик шахсларнинг сертификат олиш тартиби бутунлай бекор бўлса ҳам, гарчи ҳали малака ошириш бошланмаган ва «Автотест» мижоз учун ярим кун ҳам хизмат кўрсатмаган бўлса-да, лекин ҳисобига тушган пулларни қайтармайди.

2.Шартномада (рус тилида) тингловчи 8 академик соат (4 пара) машғулотларда иштирок этмаган бўлса, ўқишдан четлатилиши белгиланган. Бундай вазиятда мижоз қайтадан пул тўлаб, ҳайдовчисини малака ошириш курсларида бошидан ўқитишга мажбур бўлади.

Шартноманинг бошқа бир бандида малака ошириш курси бошлангач, тингловчи икки кун ичида ўқишга келмаса, тингловчилар сафидан чиқарилиши ва курсларга қўйилмаслиги белгиланган.

Бироқ, шартномада тингловчи дарсга узрли сабабларга кўра кела олмаса, истисно қилиниши ҳақида қоида кўрсатилмаган.

Бундан чиқди, юридик шахс ҳайдовчисининг малака ошириш даврида касал бўлишга, (худо кўрсатмасину) яқин қариндошларидан бирортаси вафот этиб қолса, унинг таъзиясида иштирок этишга ёки бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳаётий заруратларини амалга оширишга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳар қандай узрли сабабни «Автотест» тан олмайди.

Аслида «Автотест» дастлабки шартномаларида «8 соат дарсга келмаса, хоҳ у сабабли бўлсин, хоҳ у сабабсиз бўлсин, барибир ўқишдан четлатилади» деган қоида мавжуд эди. Кейинчалик, шартномани бироз таҳрирлаб, сабабларга оид қисмини чиқариб ташлашган, лекин бу шунчаки юридик ҳийла ҳисобланади. Яъни, шартноманинг ҳозирги ҳолатида ҳам узрли сабаблар тан олинмайди, бу кўрсатилмаган.

Ҳурматли корхона, муассаса ва ташкилотлар!

Келгусида «Avtotest Sirg’ali» ва бошқа ҳудудий МЧЖлар билан шартномани тузишда, шартноманинг бир тарафи сифатида эркин эканлигингизни унутманг. Гарчи Вазирлар Маҳкамаси қарорида малака ошириш сертификати олиш мажбурият сифатида белгиланган бўлса-да, лекин қандай шартлардаги шартнома асосида ўқишингиз кераклиги ёзиб қўйилмаган. Шартномаларни синчиклаб ўқиб чиқинг, агар Сизга маъқул келмайдиган қисми бўлса, унда расман ёзма равишда «Автотест»га мурожаат қилинг. Ўзини ҳурмат қилган компания албатта мижозлари билан ҳисоблашишга мажбур.

Агар ўзгартирмасачи..?! Унда билмадик, 1 июндан бошлаб жарима тўлашга мажбур бўласиз, шекилли. Ёки маъмурий ишлар бўйича одил судлар «Автотест» билан ёзишмаларингизни, компания фақат ўз манфаатлари кўзланган шартнома шартларини ўзгартиришга рози бўлмаганлигини, бунинг натижасида шартнома тузилмаганлигини узрли сабаб деб топармикин, буниси бизга қоронғи.

Дилшод Абдукадиров

Мавзуга оид