Light | 20:50 / 19.03.2018
18559
4 дақиқада ўқилади

Наврўз кунлари қаерларга бориш мумкин? Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тавсия қилади

Наврўз байрами арафасида қизиқарли туристик маҳсулотлар ва ноёб турлар яратилмоқда. Ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастурига мувофиқ, юртимизнинг қатор масканларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати  ҳудудлардаги байрам тадбирларига доир маълумотлар билан бўлишди.

Сармишсойда "Сумалак-шоу"

Навоий яқинида жойлашган Сармишсой нафақат ўзининг гўзал табиати, балки ноёб ёдгорликлари билан ҳам машҳур. Бу ердаги қояларда қадимий петроглифларни кўриш мумкин, баъзиларининг ёши 10 минг йилдан ошади.

"Сармишсой" дам олиш зонасида қулай ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар яратилган. Тур нархига қулай ўтовлар ёки коттеджларда яшаш, нонушта, гид, экскурсиялар, миллий эстрада қўшиқчиларининг шоу-дастури, гулхан атрофидаги оқшомлар, номерларни тозалаш ишлари, мангаллар, барбекю ва пикник учун шароитлар ва, албатта, сумалак билан меҳмон қилиш киради. Табиат қўйнида фаол дам олиш, маданий дастур ва бетакрор таомлар ушбу саёҳатга отланишингиз учун арзийди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Шаҳрисабзда Халқаро миллий либослар фестивали

Ўзбекистонда биринчи марта 21-22 март кунлари Шаҳрисабзда ушбу баҳорнинг энг диққатга сазовор ҳодисаларидан бири - Халқаро миллий либослар фестивали ўтказилади. Бу ерда миллий услубдаги баҳорги-ёзги аёллар либосларининг эксклюзив намуналарини кўришингиз мумкин бўлади. Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ етакчи дизайнери ва бошқа мамлакатларнинг кўзга кўринган  дизайнерлари тадбирдаги иштирокларини тасдиқлашди.

Дизайнерлар миллий матолар ва янги форматдаги мотивлардаги янги коллекцияларини намойиш қилишади ҳамда анъанавий образларни янгича шаклда тақдим этишади. Шунингдек фестиваль доирасида "Шаҳрисабз гўзали" танлови ўтказилади. Ғолиб тадбирнинг ёпилиш маросимида эълон қилинади. Фольклор ансамбллар ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари ажойиб байрам муҳитини тўлдиради. Тадбирга кириш эркин тарзда.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Самарқандда El Merosi тарихий костюмлар театри

Самарқанддаги El Merosi тарихий костюмлар театри Қадимий Шарқнинг бетакрор муҳитига шўнғиб, асрлар ва авлодлар оша саёҳат қилишга таклиф этади. "Буюк Ипак йўли бўйлаб" томошаси мухлисларни минтақа ҳаёти, турмуши, урф-одатлари ва анъаналари билан таништиради. Театр турли тарихий даврлардаги костюмларни намойиш этади.

Самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари ҳар якшанба соат 16:00да ўлкамиз қадимий тарихига саёҳат қилиш имконига эга бўлишади. Лазги рақси ва ўзбек тўйлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги табиий. Томошалар туристик гуруҳлар буюртмасига кўра ташкиллаштирилади. Театр томошасининг хорижий сайёҳлар учун нархи меҳмонлар сонига боғлиқ.

Сурхондарёда Наврўз томошалари

Сурхондарё вилоятида Наврўз тантаналари биринчилар қаторида бошланди. 15 март куни бу ерда вилоят ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон аэронавтика федерацияси ташаббуси билан Афғонистон ва Тожикистон делегациялари иштирокидаги кенг кўламли байрам тантаналарига старт берилди.

Аэростатлар учирилишини кузатиш, миллий рақслар ва фольклор ансамбллар чиқишларини томоша қилиш, кураш ва кўплаб бошқа миллий ўйинларни кузатиш барчага бирдек завқ улашиши аниқ.

Бундай тадбирлар Сурхондарёда 22 мартга қадар ҳар куни ўтказилади. Шундай экан, ажойиб фестиваль иштирокчисига айланинг. Байрам кунлари айниқса Бойсун, Сариосиё, Узун, Шўрчи, Олтинсой каби жойларга босангиз, катта таассуротлар билан қайтасиз.

Бундан аввал Тошкент шаҳрида байрам тантаналари ўтказиладиган жойлар ҳақида маълумот берилган эди.

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид